19:51 / 14.09.2021
2 215

Шомуродовдан ассист ва "бўрилар" етакчи: А Серия 3-тур якунлари ҳақида

Шомуродовдан ассист ва "бўрилар" етакчи: А Серия 3-тур якунлари ҳақида
Италия чемпионати навбатдаги тур учрашувлари ортда қолди. Қуйида мазкур учрашувлардаги асосий баҳсларнинг шарҳи билан танишиш имконига эгасиз.
"Милан" "Лацио"дан устун
Ушбу учрашув катта қизиқиш билан кутилгани бор гап. Бунга Сарри учун янги жамоасидаги биринчи синов эканлигини ҳам сабаб бўлди. Ўйинни "Милан" фаолроқ бошлади ва кўпроқ ҳужумлар уюштирди, аммо Калабрия ва Леаонинг вазиятларини ўта қулай деб бўлмасди. "Лацио" эса майдоннинг иккинчи ярмида муқим ўрнашиб олишга қийналар ва деярли ҳеч қандай вазият ярата олмади. Биринчи голни бўлимнинг энг ёрқин футболчиси ургани қизиқ албатта. Леао ўзи тўпни олдинга олиб борди ва Ребич билан девор услубида ўйнаб, усталик билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Танаффусгача "Милан" яна бир гол уриши мумкин эди, бироқ Кессиэ пенальтидан тўпни дарвоза тўсинга йўллади.

Танаффусдан кейин ўйиннинг умумий картинаси ўзгармади. "Милан" тўп билан кўпроқ муомалада бўларди, "Лацио" эса ўзини буткул йўқотиб қўйган ва ҳужумдаги ишлари қовушмасди. "Милан" ярим ҳимояси ортиқча муаммоларсиз "бургутлар"дан устунликка эришди. 60-дақиқада майдонга узоқ танаффусдан сўнг сафга қайтган Златан Ибрагимович туширилди. Биринчи вазиятдаёқ швециялик футболчи гол уриши мумкин эди, аммо қанотдан узатилган тўпга ета олмай қолди. Шундай бўлсада, Златан шу куни номини таблога ёздириб қўйиши тақдирида бор экан. Салемаркис ҳужумни бошлаб берди, Ребич қанотда бир рақибини алдаб ўтиб, Златанни деярли бўш дарвоза олдига чиқарди. Бутсасининг ипини боғлаб улгурмагани Ибрага гол уришга ҳалақит қилмади. Миланликлар яна гол уриши мумкин эди, уларнинг қарши ҳужумлари ҳам анча хавфли кўриниш оларди. "Лацио" эса мухлисларини очиқчасига ранжитиб, бу имтиҳондан ўта олмади.

"Ювентус" "Наполи"га ютқазиб қўйди
Омадсиз стартдан кейин "Ювентус"ни Неаполга сафар кутиб турарди. "Наполи" эса аксинча, мавсумни анча дадил бошлай олганди. Айнан мезбонлар бу беллашувни ҳам яхшироқ бошлашди. Инсиньенинг узатмасидан сўнг Политано бошининг орқа томони билан тўпни дарвозага тўғрилаб юборганди, бироз мўлжалда адашди. Кейин эса неаполликлар ўзлари рақибга гол совға қилишди. Манолас узатмани пайсалга солиб юборди, Мората тўпни олиб қўйди ва ўткир бурчакдан уни дарвозага йўллади. Кўп ўтмай Кулушевскида ҳам қулай имконият бўлганди, аммо Оспина бир лаҳзага швецияликдан чаққонроқ ҳаракат қилди. "Наполи" тўпга кўпроқ эга бўлсада, танаффусгача чинакам хавфли вазиятлар ярата олмади.

Иккинчи бўлимни эса мезбонлар чиндан кескин ҳужумлар билан бошлашди. Натижада, Инсиньенинг узоқдан берган зарбасини Шенсни ушлаб қололмади ва Политано тўпга биринчи бўлиб етиб келиб, номини таблога ёздириб қўйди. "Ювентус"да ҳам кўп бўлмасада, вазиятлар юзага келарди. Улар ичидан айниқса Маккенининг зарбасини таъкидлаш лозим. "Наполи" эса оппонентидан кўпроқ вазият яратишни удаллар ва якунда яна бир гол уришни уддалади. Бурчак зарбасидан кейин Шенсни хатога йўл қўйди ва Калиду Кулибли икки метрдан тўпни дарвоза тўрига йўллаб қўйди. "Ювентус" бу голга жавоб беришга улгурмади. Натижада, "Наполи" ғалабадан кейин мусобақа жадвали етакчиси, "Ювентус" эса анчадан буён бу қадар ёмон стартни намойиш қилмаётган эди.

"Фиорентина" "Аталанта"ни енгди
"Аталанта" одатдагидек ўйинни тез бошлади ва 13-дақиқадаёқ гол урди. Бироқ такрорий лавҳани кўрган ҳакам Жимситининг голини бекор қилди. Кутилмаганда, бу вазият ўйинни анча тинчлантириб қўйди. Темп бўлим ўртасига келиб бироз кўтарилди. Толой ўз жарима майдончасида тўпни қўли билан ўйнаб юборжи. Нуқтага Душан Влахович яқинлашди ва дарвозабонга имконият қолдирмади. "Аталанта" қанчалар уринмасин, танаффусгача вазият ярата олмади. Жароҳатланган Сапата ва Муриэль жароҳат олган бир паллада, ўринбосарлар рақиб дарвозаси томон йўл топишга қийналарди.

Танаффусдан кейин Бонавентура катта тезликда жарима майдонигача етиб борди, Жимсити эса тўпни оламан деб, "Аталанта" тарбияланувчисини ерга қулатди. Яна Влаховичнинг зарбаси олдида посбон ожиз қолди. Ушбу голдан кейингина бергамоликлар каттароқ куч билан олдинга ўта бошлашди. Бунинг оқибатида бўлим ўрталарига келиб, улар ҳам пенальти тепиш имкониятига эга бўлишди. Кальехон Иличичга нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Сапата орадаги фарқни қисқартирди. "Аталанта" штурм уюштиришга уриниб кўрди, лекин шу кеча "Фиорентина" ҳимояси идеал тарзда ҳаракат қилар ва қўпол хатога йўл қўймагани оқибатида "Наполи" фақатгина рақиб жарима майдончасига яқинлаша оларди.

"Аталанта" ҳамон ўзига ўхшамаяпти, "Фиорентина" эса қаторасига 2-ғалабасини расмийлаштирди.

"Рома"да ғалаба, Шомуродовдан ассист
Жозе Моуриньо учун юбилей ўйинга "Рома" чиндан катта иштиёқ билан тушиб келди. Бўлим бошидаёқ Абрахам қанотдан узатилган тўпни дарвозага йўллашга уринди, аммо бироз мўлжалда адашди. Ўйин аста-секин тинчлангандек бўлганди, аммо Кристанте жарима зарбасидан кейин ҳаммадан чаққонроқ ҳаракат қилиб, ҳисобни очди ва барчани уйғотиб юборди. "Сассуоло" тўп билан кўпроқ муомалада бўлсада, Руи Патрисиу дарвозаси олдида чинакам вазиятгача иш етиб бормасди. Барча қизиқ воқеалар иккинчи бўлимга қолдирилди.

Танаффусдан кейин ўйиннинг бориши ўзгармади, "нероверди" кўпроқ ҳужум қилар, "Рома" эса рақибни қарши ҳужумларда "ушлашга" уринарди. Ҳужумларнинг бири "Сассуоло"нинг голи билан якунланди. Беррардининг узатмаси Журичичнинг оёғини топди. Ана бу голдан кейин эса чинакамига кескин футбол бошланди. Аввалига Абрахам яқин масофадан устунни пойлади, кейин эса Беррарди дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқди, лекин Патрисиу жамоасини қутқариб қолди. Ҳар икки жамоа вазият кетидан вазият яратарди, омадини ҳужумдан изларди, аммо ҳисоб ҳамон 1:1... Ҳал қилувчи эпизод эса ўйиннинг охирида юз берди.

Аввалига Шомуродов ўзи тўпни дарвозага йўллаши мумкин эди, бироқ ҳамюртимиз бунинг имконини топа олмади, аммо Элдор вазиятни охиригача давом эттириб, тўпни Эл-Шааравига ташлади, италиялик футболчи эса айланма зарбаси билан римликларга ғалаба келтирди. Моуриньюнинг ўйинчи алмаштиришлари иш берди. "Сассуоло", аниқроғи Шомуродовнинг собиқ жамоадоши Скамакка ҳисобни тенглаштирди, лекин ҳакам ҳужумчи ўйиндан ташқари ҳолатдалигини қайд этди. "Жалоросси" қаторасига 3-ғалабани нишонлади ва А Серия етакчилари қаторида бормоқда.

"Сампдория" ва "Интер" муроса кўчасини танлашди
Чемпионат стартидаги 2 ғалабадан кейин "Интер" Генуяга яхши кайфиятда, лекин таркибдаги муаммолари билан йўл олди. Димарко марказий ҳимоячи ролида майдонга тушган бўлсада, 15-дақиқада жарима зарбасидан ҳисобни очди. Кўп ўтмай, Лаутаро орадаги фарқни иккитага ошириши мумкин, аммо унинг ўткир бурчагидан берган зарбасини Аудеро қайтаришни уддалади. Бундан сўнг ўйин майдон марказига кўчди, яккакураш кўпайди. Буни Йосиданинг рикошет ёрдамида урган голи ўзгартирди. Ушбу вазиятда Ханданович жамоасини қутқариш имкони умуман йўқ эди. "Интер" танаффусгача гол уришни уддалади, Барелла тўп билан жарима майдонига қадар ўтиб борди ва Лаутарога етказди, аргентиналикнинг зарбаси олдида эса кипер ожиз қолди.

Иккинчи бўлим бошланиши ҳамоноқ шунга ўхшаш голни энди "Сампдория" урди. Берешински тўпни жарима майдончасининг узоқ бурчагига етказди, Ауджелло тўпни ерга туширмай зарба бериб, "дарвоза тўққизлигини" нишонга олди. "Интер" олдинга ташланди ва қулай имкониятларга эга бўлди. Айниқса Чалханоглу жамоасини яна олдинга олиб чиқиши мумкин эди, лекин тўп унинг уринишидан кейин дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Мезбонлар ҳам жим қараб турганича йўқ. Квальярелланинг зарбасидан кейин Д`Амброзио тўпни дарвоза чизиғи устидан қайтариб қолди. Қанчалик уринмасин, ҳар икки жамоа ўйин охиригача бошқа гол ура олмади ва "Интер" чемпионатда илк бор очко йўқотди, "Сампдория"ни эса характер кўрсатгани учун мақтаса арзийди.

Шунингдек, "Торино" "Салернтиана"га имкон қолдирмади, "Болонья" "Верона"ни енгди, "Эмполи" уйда "Венеция"га ютқазиб қўйди.

Сергей Румянцев
Нозима Зарипова таржимаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовдан ассист ва "бўрилар" етакчи: А Серия 3-тур якунлари ҳақида