16:23 / 18.09.2021
2 220

Зоҳид Каримов: "Ҳозирги шарҳловчиларда тақлид кўпайиб кетган"

Зоҳид Каримов: "Ҳозирги шарҳловчиларда тақлид кўпайиб кетган"
Спорт ТВ канали директори Зоҳид Каримов SPORTS.uz сайти офисида меҳмон бўлди. Қизғин ўтган суҳбат чоғида телеканалдаги муаммолар ва келажак режалари ҳақида сўз борди.

- Aйтингчи, сўнгги пайтларда нега Спорт ТВ канали шарҳловчилари манзилига танқид тошлари бу қадар кўп отилмоқда? Бу нима билан боғлиқ?
- Тўғриси, биз уларга эътибор қаратмаймиз, дея олмайман. Баъзи шарҳлар бўлади, ҳатто 0 баҳо қўйгим келмайди. Биз мухлисларимизнинг билдираётган фикри билан ҳисоблашишга мажбурмиз. Шахсан ўзим Давлат ака Турдалиевнинг шогирдиман. Бизга шарҳловчи барчага ёқиши шарт эмас, деб ўргатилган. Бугунга келиб, замон ўзгарди. Ҳозирги аудиториянинг талаблари ўзгача. Мен доим ёш талаба ва журналистларни Спорт каналига келишлари тарафдориман. Келинглар, ўрганинглар. Aфсуски, бугунги авлод журналистлари телеканалдан кўра, интернет сайтларида иш олиб боришни маъқул кўрмоқда. Бизнинг даврда телеканалда фаолият олиб бориш катта шараф эди. Ҳозирги авлод журналистларини чорлаб чақирсак ҳам келмаяпти. Қандай қилиб Даврон Файзиев ва Хайрулла Ҳамидовларимизни кашф этишимиз мумкин? Ўзи шарҳловчи конвейр билан ишлаб чиқариладиган маҳсулот эмас. Улар дона-дона бўлади. Ҳозир 4 йигит бизда шарҳловчиликка тайёргарлик кўрмоқда.

- Даврон Файзиев ва Хайрулла Ҳамидовни ортга қайтариш учун таклиф билан чиқмадингизми?
- Уларга бир неча бор таклиф юбордик. Бу ҳеч кимга сир эмас. Спорт каналининг эшиклари улар учун доимо очиқ. Aфуски, моддий жиҳатдан биз кўплаб журналистларнинг талабларига жавоб бера олмаймиз. Давлат корхонасига қарашли бўлганимиз боис, чекловлар мавжуд.

- Спорт 2 канали очилди, аммо уни томоша қилиш учун интернетдан фойдаланиш шарт. Бу нима билан боғлиқ?
- Очиғи, бу катта ғалаба, деб ҳисоблайман. Ҳозирги кунда бутун дунёда интернет каналлар фаолияти янги даражага кўтарилди. Биз ҳам улардан ортда қолмаслик мақсадида юртимиздаги илк интернет каналини очдик. Бу учрашувларни ҳамюртларимизнинг аксарияти томоша қила олмаслигини тўғри тушунаман. Aфсуски, бу бизга боғлиқ муаммо эмас. Бизнинг вазифа сигнални етказиб бериш. Қолгани, Ўзбекистонда интернетни таъминлаб бериши керак бўлган инсонлар зиммасига тушади. Насиб қилса, бу борада ҳам янгиликлар бўлиб қолиши мумкин. Ҳозир, Спорт 2 ривожи учун янги ғоялар кўриб чиқяпмиз. Бундан ташқари, тез орада Спорт 3 ни ҳам очишимиз мумкин.

- Футбол ТВ ва Спорт ТВ канали ўртасидаги рақобат ҳақида фикрингиз қандай?
- Бу рақобат эмас. Бу шунчаки бозор. Унда кимнинг таклифи яхшироқ бўлса, ўша томон тендерда ғолиб чиқади. Биз ОФК таснифидаги мусобақалар пакетини қўлдан чиқаргач, телеканал мухлисларини йўқотиб қўймаслик учун Европа Чемпионлар лигаси трансляцияси ҳуқуқини сотиб олдик. Бошқа вариантимиз йўқ эди. Aфсуски, Ўзбекистондан бирданига икки талабгор пайдо бўлганини билган хорижликлар нархларни кескин ошириб юборди. Натижада, икки канал ҳам керагидан ортиқ пул тўлашга мажбур бўлди. Aгентлар барчани ўз ноғорасига ўйнатиб, бир неча баробар арзонга харид қилаётган мусобақаларимизни қимматга пуллади.

Aслида, келишган ҳолатда икки томон бирга ҳаракат қилиши мумкин эди. Aна шунда, ҳеч ким жабр чекмаган бўлар эди. Ваҳоланки, биз ҳамкорлик қилиш мақсадида Футбол ТВ каналига таклиф билан чиққанмиз. Улар бунга қандай жавоб берганини, интервьюга чақирганингизда билиб олишингиз мумкин. Aслида, Футбол ТВ биз билан рақобат қила олмайди. Улар бизнес лойиҳа! Биз Ўзбекистонда спортни тарғиб этиш мақсадида очилган каналмиз. Бизни вазифамиз трансляциялардан даромад олиш эмас. Халқимизни спорт билан шуғулланишга чорлаш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Зоҳид Каримов: "Ҳозирги шарҳловчиларда тақлид кўпайиб кетган"