12:15 / 26.09.2021
3 387

Шомуродов жанговар характери билан узоққа боради!

Шомуродов жанговар характери билан узоққа боради!
Италия футболи билан яхши таниш бўлган футбол менежери Алекс Великих Россия нашрларига берган интервьюсида Россия чемпионатидан А Серияга кўчиб ўтган Алексей Миранчук, Александр Кокорин ва Элдор Шомуродов фаолиятига баҳо берди.

Ҳозирча, россиялик футболчилар иккинчи мавсумда ҳам “Аталанта” ва “ Фиорентина”да ўз ўрнини топишга интилаётган бўлса, ўтган чемпионатда “Женоа”даги муваффақиятли ўйинлари туфайли кучлироқ клубга йўл олган Шомуродов юқори мақсадлар учун курашаётган “Рома”да ўзининг янги қирраларини намоён қилмоқда.

- Кокориннинг “Интер”га қарши муваффақиятсиз ўйини унинг “Фиорентина”даги мавқеига қандай таъсир қилади?
- Бу учрашувда унинг статистикасини баҳолаш қийин. Бирор марта тўпга тегмади, яккакурашни бой берди. Бу ҳолат уни “Фиорентина” бошланғич таркибига яқинлаштирмайди. Агар Кокорин ўзи ўйнаган вақт ичида бир марта бўлса ҳам дарвозага зарба берганида ёки рақибни бир маротаба алдаб ўтганида бошқа гап эди.

Бош мураббий Винченцо Итальяно Кокориннинг трансферини оқлаш мақсадида уни ўз тактик схемаларига мослаштиришга уриняпти. Лекин “Фиорентина”да асосий ҳужумчи Влахович ҳисобланади, қолган унинг ўрнини босишга ёки рақобат қилиб кўришга ҳаракат қилиши мумкин холос. Бир томондан Кокорин ёрдамчи ҳужумчи бўлишга розидек ва асосий таркибга даъвогарлик қилмаётгандек кўринмоқда.

- Август ойи охирида “Милан” Миранчукка қизиққани айтилганди. Бу трансфер қанчалар ҳақиқатга яқин эди?
- Бунга юз фоиз амин эмасман, лекин “Милан” унга қизиққан бўлиши мумкин, дейишим мумкин. Улар Чалханўғлининг ўрнига футболчи қараётган эди. Влашич ва Малиновский номзодини ўрганишди. Балки шу жараёнда Миранчукка ҳам эътибор қилишгандир. Улар кўпроқ украиналик футболчига қизиқди.

Миранчук камида яна бир мавсум “Аталанта”да қолди. Ҳозир унда Италияга бежизга келмаганини ва А Серияда ўйнашга лойиқ эканини исботлаш учун имкон бор. Тўғриси, “Аталанта” сингари ҳамма нарса мураббийга боғлиқ бўлган жамоада буни амалга ошириш қийин. “Милан”да ўз салоҳиятини намоён қилиш осонроқ бўларди. Чунки Миланда футбол бошқача, тактик талаблар ҳам ўзгача.

Гасперини ўз футболчиларидан тўпни йўқотиши билан прессингга ўтишини талаб қилади. Бу Миранчукнинг кучли томони эмас. “Милан”да Миранчукнинг устун томонлари – креатив ҳаракатлар билан ҳужумни кучайтириш ва форвардларни ўткир пас билан таъминлашидан фойдаланишлари мумкин эди. Алексей буни зўр уддалайди. Ўйлашимча, у ўтган ёзда “Милан”нинг асосий нишони бўлмаган.

- “Рома” Элдор Шомуродов учун "Женоа"га 17,5 миллион евро тўлади. Элдор бу сармояни оқлаяптими?
- Албатта. Ҳали у яна ўсади. Лекин Шомуродов “Рома”нинг асосий трансфери бўлмади. “Челси”дан Абрахамнинг таклиф этилиши нуфузлироқ харид ҳисобланади. Элдор эса, ҳам биринчи, ҳам иккинчи ҳужумчи вазифасини бажара оладиган форвард. Энг муҳим у захирадан майдонга тушиб, ижобий натижа кўрсата олади ва Абрахамнинг ўрнига ўйнаши мумкин.

Шомуродовнинг “Рома”га ўтгани ўзи учун катта қадам бўлгани шубҳасиз. У ишга профессионал ёндашуви ва жанговар характери туфайли юқори даражага лойиқ футболчи эканини исботлаши турган гап.

Дарҳақиқат, Миранчук “Аталанта” сафида бешта учрашув ўтказиб, битта голли пас берди. Кокорин эса, икки марта майдонга тушиб, жами 15 дақиқа ўйнади холос. Элдор Шомуродов эса “Рома” сафида саккизта расмий учрашувда битта гол уриб, тўрт марта голли пас оширди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов жанговар характери билан узоққа боради!