09:00 / 13.10.2021
2 633

4 йил олдин 170 кг тош босган, рақиби сабаб спортга қайта олган Тайсон Фьюри ҳикояси

4 йил олдин 170 кг тош босган, рақиби сабаб спортга қайта олган Тайсон Фьюри ҳикояси
Тайсон Фьюри 2015 йилда 11 йилдан буён мағлубият нималигини билмай келаётган Владимир Кличкони енгиб, машҳурликка эришганди. Ўша вақтда «лўлилар қироли» 27 ёшда эди ва шонли ғалаба унга оғирлик қилди: депрессияга тушди, наркотик моддаларга ўрганиб қолди ва жуда кўп вазн йиғди.

«Менда фақатгина битта мақсад бўлган — Кличкони енгиш. Бу менинг йўлдан оғишмаслигимга сабаб бўларди. Уни олиб қўйишганидан сўнг менда мотивация қолмади. Энди менда яшашга иштиёқ қолмади ва 27 ёшимда ўлишга тайёр эдим», — дея тан олганди Тайсон Фьюри.

Фото: Getty Images
Гап шундаки, Тайсон биполяр тушкунликдан азият чекарди, чемпионликдан сўнг у назоратни йўқотди. Фьюри икки йил давомида жангларда иштирок этмади (Кличко билан реванш ҳам бекор қилинди), ундан камар олиб қўйилди, допинг текширувида эса боксчининг қонида кокаин борлиги аниқланди. Фьюри ғазабда ва қайсидир паллада ўзини ўлдиришга ҳам тайёр эди:

«2016 йил мен янги Ferrari харид қилдим, тезликни оширдим ва кўприк томон йўл олдим. Менга фарқи йўқ эди, ҳаётим ҳақида унутгандим. Аммо яқин қолганимда, миямда бир овоз жарангларди: ‘Йўқ, Тайсон, бундай қилма! Отасиз катта бўлиши мумкин бўлган фарзандларинг, оиланг ҳақида ўйла’».

Ўша пайтда Фьюри умидсиз кўринганди — унинг қайтишига ҳеч ким ишонмади, интернетга жойланган расм эса шикоятларга сабаб бўлди. Бир йил аввал Кличкони мағлуб этган чемпион бугун 170 килограммли инсонга айланганди.

Фото: Getty Images
«Боксча чанқоқманми? Мен чўчқага ўхшаб семирганман ва фақатгина бутерброд ҳақида орзу қиламан», — деб ҳазиломуз жавоб қайтарганди Тайсон журналистларнинг қайтиш ҳақидаги саволига. Лекин Фьюри кулги ортига уни боксчи сифатида кўмиб қўя оладиган жиддий муаммоларни яширган эди.

Фьюри боксга қайришга қарор қилгунга қадар, деярли икки йил депрессияда яшади. Қайтиш қарори ҳам кутилмаганда, Ҳэллоуин байрамида қабул қилинди.

- "Мен скелет костюмини кийгандим, ўшанда 29 ёш бўлганман, қолганлар эса мендан кичик эди. Шунда ўйладим: яшашдан мақсадим шуми? Уйга бордим, қоронғи хонада ўтирдим, скелет костюмини ечдим ва Худодан ёрдам беришини сўрадим. Аввал ибодат қилмасдим, лекин бу сафар кўзларимдан ёш чиқди. Биринчи марта барчаси яхши бўлишини ҳис қилдим. Бунга ўзим кела олмаслигимни билардим", - дейди Тайсон Фьюри.

2017 йилнинг сўнгида Фьюри машғулотларга қайтди. Одатда, жанглар олдидан Тайсон 120 кг вазнда бўларди. Демак, 60 кг вазн йўқотиш керак. Ўша вақтда енгиб бўлмас Деонтей Уайлдер устидан ғалаба қозониш собиқ чемпион учун мотивация бўлиб хизмат қилди.

Фото: Getty Images
Америкалик боксчи 39 та ғалабага (шундан 38 тасини нокаут орқали) эришганди. Уайлдер Майк Тайсонга қиёсланар, ўз замонасининг энг қўрқинчли оғир вазн тоифа вакили, деб тан олинарди. Фьюри учун Деонтей янги Кличкога айланди ва машғулотларга қайтишига сабабчи бўлди.

Декабрь ойида Тайсон трилогия бошланиши учун туртки бўлган видеони тармоқларга жойлади. Семиз ва формасини йўқотган Фьюри югуришга чиқди ва Эминемнинг «Without Me» («Менсиз») қўшиғи садолари остида Уайлдерга мурожаат қилди:

«Топингчи, ким қайтди? Ягона ва такрорланмас. ‘Бронза бомбардир’ Деонтей Уайлдерга мурожаат қиляпман. Менга мотивация бергани учун унга миннатдорчилик билдираман. Энди буни уддалай олмайман ва ҳаммаси тугади деб ўйлагандим. Сен томон юряпман. Сенинг олдинга қайтаман!».

Фьюри 2018 йилда рингга чиқиш учун машғулотларга қайтди. Тайсон доим семиз бўлган, лекин охирги вақтларда янада семириб кетганди ва залда шунчаки кулгили кўринарди:

Қатъий риоя қилинган диета ва машғулотлар фойда берди — Фьюри 60 кг вазн йўқотди. 2018 йил июнь ойида Тайсон 125 кг вазн билан Сефер Сефери, августда 117 кг вазн билан Франческо Пьянетага қарши рингга чиқди. Фьюри икки йил давомида даҳшатли аҳволга солган танасини қисқа муддатда ўз ҳолига қайтара олгани жуда ажойиб натижа.

Фьюрининг формага қайтишига диетолог Грег Марриотт ёрдам берди: у боксчи учун кам углеводга эга диетани ишлаб чиқди (Тайсон кунига 3500 калория истеъмол қилиши лозим эди) ва режим бузилмаслигини қаттиқ назорат қилди. Бунинг учун у боксчига баъзан севимли таоми — анъанавий британча «fish and chips» (картофел билан қовурилган балиқ) истеъмол қилишига рухсат берарди.

«Фьюри шунчаки вазн ташламади, балки кайфиятини ҳам жойига келтирди. Бу жуда муҳим эди, чунки мамнун жангчи — хавфли жангчи», — деб ҳисоблайди диетолог.

Фото: Getty Images
Кейин эса тарих ёзилди: Фьюри енгилмас Уайлдер билан жангларда бир марта дуранг натижа қайд этди, икки марта ғалаба қозонди. Энди у яна оғир вазн тоифасида дунёда етакчига айланди. Деонтей Тайсон учун уни руҳлантирган янги Кличко вазифасини ўтаб берди. Тайсон Фьюри учун янги мақсад Александр Усик бўладими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Ҳозирча Усикнинг шартномасида Энтони Жошуа билан реванш жанги ўтказиш кўрсатилган. Лекин Тайсон учун айнан украиналик боксчи муносиб рақиб бўлиб кўринмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » 4 йил олдин 170 кг тош босган, рақиби сабаб спортга қайта олган Тайсон Фьюри ҳикояси