2 026
Диего Марадонани инглизлар нафратига дучор қилган ва икки ҳакамнинг фаолиятига чек қўйган ўша машҳур гол ҳақида
Фото: Getty Images
1986 йилги Жаҳон Чемпионатининг нимчорак финалида Аргентина ва Англия ўзаро тўқнаш келди. Кейинроқ бу қарама-қаршилик турли эпизодлар билан бойиди (Оуэннинг голи, Симеоненинг провокацияси ва Бекҳэмнинг қизил карточкаси), унгача эса ўйинлар биринчи навбатда сиёсий кўриниш оларди. Фолкленд ороллари учун бўлиб ўтган қуролли тўқнашувдан бор-йўғи 4 йил ўтиб, икки мамлакат терма жамоалари мундиалда ўзаро тўқнаш келди. Аргентиналиклар кейинчалик инглизлар устидан қозонилган ғалаба финалдагидан кўра ҳиссиётларга бой бўлганини тан олади. Бу ўйин қисқа муддатли урушда қурбон бўлган 649 аргентиналик учун олинган қасосдек эди, гўё.
Марадонанинг дубли Англияни мусобақадан чиқариб юборишга ёрдам берди. Ўша ўйинда Диего мундиаллар тарихидаги энг катта айёрликка қўл урибгина қолмай, ХХ асрдаги энг зўр индивидуал голни ҳам урди.
Биринчи бўлимда эсда қоларли воқеалар бўлмади. Иккала жамоа ҳам зерикарли ўйин намойиш этди. Унининг устига қуёш ҳамма ёқни қиздирарди. 51-дақиқада Марадона майдон марказидан ҳаракатни бошлади, Гленн Ҳоддлни алдаб ўтиб, Хорхе Валданога тўпни узатди. Валданодан тўпни қабул қилиб олиш учун жарима майдони ичига югурди. Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Стив Ҳодж тўпни тепиб юборишга уринди, лекин тўп ўзларининг жарима майдонига қараб кетди. Бир сониядан сўнг Марадона 114 минг мухлис ва 22 футболчи англаган, аммо бош ҳакам Али нин-Носсер ва қанот ҳаками Богдан Дочев сезмаган ҳаракатни амалга оширди.
Ҳакамларнинг бу хатолари жуда қимматга тушди — Дочев шунчаки фаолиятини тугатган бўлса, бин-Носсир ФИФА тасарруфидаги барча халқаро мусобақалардан четлатилди.
Фото: Getty Images
«Марадона ҳаётимни остин-устин қилиб юборди. У жуда яхши футболчи, лекин ёмон одам. У бўй жиҳатдан ҳам, одамийлик жиҳатдан ҳам жуда паст», — деган эди Дочев 2017 йил ўлимидан сал олдин.
Қанот ҳаками қанақадир ғайритабиийлик сезганди, лекин вазиятга аралаша олмасди: «Ўша вақтларда ФИФА қанот ҳакамлари бош ҳакамнинг қарорларига аралашишига йўл қўймасди. Уни устига жуда муҳим ўйинда Марадонанинг голи бекор бўлиши мумкин эди», — деди Дочев.
Бин-Носсир эса Дочев вазиятни кузатиш учун яхши позицияда турганини, ҳаттоки гол бўлганидан сўнг унга қараганини айтади. «Мен қўл билан ўйин бўлгани ҳақидаги ишорани кутгандим. ФИФАнинг қўлланмасида шундай банд бор: агар ҳамкасбим мендан яхшироқ позицияда турган бўлса, мен уни ҳурмат қилишим ва фикрини эшитишим лозим».
Фото: Getty Images
Марадона гол ҳисобга олинганига шериклари ҳам ишонмагани, голни нишонлаш учун ўзи уларни чақирганини ёдга олади: «Улар ҳайратда эди. Мени бағрингизга босинг, бўлмаса ҳакам голни ҳисобга олмайди, деб айтдим. Кимдир Англияни тўнаётганимизни гапирди. Мен эса: ўғрини ўмарган кечиримга лойиқ, деб жавоб қайтардим».
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Марадона ҳазиллашди — ана шундан кейин «Худонинг қўли» ибораси пайдо бўлди. Афсоналарга кўра, Диего «Бу Худонинг қўли», — деб айтмаган. У: «Гол Худо қўлининг бир қисми ва Марадона бошининг бир қисми билан урилди», — деганди.
Аргентиналик футболчи орадан кўп йиллар ўтганидан сўнг қўл билан гол урганини тан олди. Лекин бундан афсусланмаслигини билдирди. Атайин қўлини ишлатгани, акс ҳолда ўзидан 19 сантиметр узун Шилтонни ҳавода енгиб бўлмаслигини айтиб ўтди.
2015 йилда Марадона рекламада суратга тушиш учун Тунисга ташриф буюради. Вазиятдан фойдаланиб Диего Али бин-Носсирнинг уйида меҳмон бўлади. Унга ўша пайтдаги Аргентина футболкасини «Менинг абадий дўстимга» деган ёзув билан совға қилди.
Фото: Getty Images
«Худо қўли»нинг асосий кузатувчиси Питер Шилтон ҳалигача ўша гол учун Марадонани кечира олмайди. «Менинг ҳаётим Диего Марадона билан боғланиб кетган — албатта буни ўзим хоҳламасам ҳам. Унинг вафоти ҳақидаги хабардан хафа бўлдим, у ҳали ёш эди. Марадона буюк футболчи бўлган, оиласига сабр тилайман.
Яширмайман, бу ўйлар мени бутун умр қийнаб келган. Голни нишонлашга кетаётганда ҳам 2 марта ҳакамга қараб қўйди. У нима қилганини биларди. Ҳакамлардан бошқа ҳамма унинг қўл билан гол урганини кўрди. Бу ёлғон эди. У ёлғиз мени эмас бутун жамоани алдади. Биз ярим финалга чиқишимиз мумкин эди, балки финалга ҳам чиқа олардик. Бундай ҳол доим ҳам бўлавермайди. Орадан 4 йил ўтиб мундиалда қатнашиш насиб этди, аммо кўпчилик жамоадошларим фаолиятини тугатганди.
Бизни бир хонага қўйишга жуда кўп уринишлар бўлган, лекин у кечирим сўрамагунча кўришиш ниятим йўқ эди. Марадона эса қилган ишидан афсусланмасди. Бу хато эди. Ўйлайманки, Марадонанинг издоши сифатида қўл билан гол урадиганлар энди чиқмайди. Диего Пеле даражасидаги буюк футболчи эди. Эндигина 60 га кирганида ҳаётни тарк этганига ишонгим келмаяпти», — деганди Шилтон.
Марадонанинг чорак финалдаги иккинчи голи айёрлик билан эмас ҳақиқий иқтидор билан урилди. Тезкор дриблинг, ҳаракат йўналишининг ўзгариб туриши ва бир, икки… беш рақибнинг доғда қолдирилиши. Испан тилида гаплашадиган мамлакатлар учун ўйинни шарҳлаган уругвайлик журналист Виктор Моралес ўзини тутиб туролмади: «Мен йиғлашни истайман, о Худойим! Қандай гол!».
«Иккинчи голи ажойиб чиққанини тан олиш керак. Лекин биз бир неча дақиқа олдин бўлиб ўтган воқеа таъсирида эдик. Ўйин давомида биринчи марта дриблинг қилишига қўйиб бердик ва у бундан фойдаланди. Жуда чиройли гол урди, аммо биринчи голисиз иккинчи голни уролмаслиги аниқ эди», — хотирлайди Шилтон.
1986 йил 22 июнь Диего Армандо Марадонанинг бенефисига айланди. Ўша гол брендга айланди.
Диего ўлимидан бир ой аввал, октябрь ойида ўша лаҳзани яна бир бор ёдга олганди: «Мен Англияга яна гол уришни хоҳлайман. Бу сафар ўнг қўлим билан». “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШда Трамп сиёсатидан қочмоқчи бўлганларга 4 йиллик саёҳат таклиф қилинди
Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги мусобақада пешқадам бўлиб турибди
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди