15:53 / 31.10.2021
2 754

Шомуродов ёки Эл-Шаарави? Моуриньо кимга кўпроқ ишонишини айтди!

Шомуродов ёки Эл-Шаарави? Моуриньо кимга кўпроқ ишонишини айтди!
Италия чемпионати 11-турининг марказий учрашувида “Рома” ўз майдонида “Милан”ни қабул қилади. Ушбу учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар асосан таркиб борасидаги саволларга эътибор қаратди. Моуриньо нега кўп ўйинчилардан фойдаланмаётгани ва кимларга кўпроқ ишонч билдиришини маълум қилди. Эътиборингизга матбуот анжумани савол-жавобларини ҳавола қиламиз.

- Сиз ҳеч қачон Стефано Пиолига қарши ўйнамагансиз. У “Милан”ни бир ярим йил олдин қабул қилиб олди, олдидаги катта муаммолар турганига қарамай, уларни енгиб ўтди ва биринчи ўрингача кўтарилди. Бунда сизнинг мақсадларингиз билан ўхшашлик борми? Чемпионат етакчиси “Наполи” билан ўйиндан кейин бу беллашувнинг аҳамиятиқ қандай?

- Жавобни саволнинг охиридан бошлаймиз. Мен энг зўрларига қарши ўйнашни яхши кўраман. Буни шогирдларимга сингдиришни ҳам уддалай оляпман. Менга яхши футбол кўрсатадиган, биздан юқоридаги жамоалар қатори, ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган бошқа рақибларга қарши ўйнаш ёқади. Тўғри, мен илгари Пиоли жамоаларига дуч келмаганман. Илгари Италияда икки йил ишлаганимда, у А Серияда йўқ эди. У билан танишиб оламан, учрашувдан олдин ва ундан кейин саломлашиб ҳам қўяман. У олиб бораётган ишлар мен Римда нималар қилишим кераклигини кўрсатади. “Милан” барқарор тузулмага эга, унинг ортида Паоло Мальдини каби кучли шахслар турибди. Ҳозирги “Милан” Пиоли қабул қилиб олгандаги жамоадан кескин фарқ қилади. Улар етакчилар қаторида ва Чемпионлар лигасида ўйнаяпти. Бу жуда яхши кўрсаткич.

- Охирги ҳафтада рўйхатдан чиқарилган футболчилар таркибга қайтариладими? Ёки қарорингиз қатъийми?

- Сизни ким қизиқтиради - ўйинга чақирилганларми ёки чақирилмаганларми? Охирги ўйинга жалб қилинганларнинг барчаси бор, фақат Волпатодан ташқари. У кеча примаверада 90 дақиқа ўйнади. Мен ўринбосарлар таркибини бузиб ташлашни истамайман ва улардан уч-тўрт ўйинчини жалб қиламан холос. Аввалги учрашувга чақирилганларнинг бари таркибда.

- Сиз 12-13-14 та ўйинчи ҳақида гапирдингиз. Мхитарян охирги пайтда яхши ўйнамаяпти. Нега бундай бўляпти? У энг ишончли шогирдларингиз сафида қоляптими?

- Таркибда кимки бўлса, бари ишончли йигитлар. Лекин майдонга 11 нафари тушади холос. Ҳаммани ўйинга тушира олмайман. Мхитарянда муаммо йўқ. “Кальяри” билан ўйинда танаффусда алмаштирдим. У 25 ёшли йигитча эмас. Ўтган якшанба “Наполи” билан ўйнаганди.

Мен уни Стефан Эл-Шааравига алмаштирдим. Бизга ичкаридан ҳужум қиладиган ўйинчи керак эди. Эл-Шаарави мен доим биринчи бўлиб ишонч билдирадиган футболчи. У ҳозир юқори даража эмаслигига қарамай ҳам, шундай мавқега эга. Бу гал биринчи дақиқадан ўйнайдими? Буни айтмайман. Ўйинчи биз учун муҳим ҳисобланса, илк дақиқалардан ўйнайдими ёки захирадан тушадими, бунисининг фарқи йўқ. Мхитарян ҳам шундай. Биз учун у ҳам жуда муҳим футболчи.

- “Милан”га қарши қандай шаклни кўрамиз?

- Аниқки, аввалгидек эмас ва ўз навбатида, бутунлай янгича ҳам эмас. Сен “Милан” ҳақида ўйлаганингда ўзингдан ким ўйнаркин, Романьоли ёки Кьяер, Беннасер, Кессье ёки Тонали, Иброҳимович ёки Жиру, Крунич ё Браимми, деб сўрашинг мумкин Бизда эса бу борада ҳаммаси оддий кўринишга эга. Шунинг учун ҳам сен “Рома” таркибини тахмин қилган бир-иккита номда адашишинг мумкин холос.

- Спинаццоланинг аҳволи қандай? Янги йилгача сафга қайтадими?

- Ҳаммаси жойида. Тикланиш жараёни яхши кетяпти. Уни операция қилган мутахассис икки кун давомида унинг машғулотларини кузатди. Ҳаммаси яхши кетяпти, муаммо йўқ. Унинг қачон қайтиши ҳақида гапирмаганим маъқул.

- Кейинги тўртта ўйинда “Рома” иккита гол ўтказиб, тўртта урди. Иш жараёнида нимадир ўзгардими?

- Биз кўп тўп киритиб, кам ўтказишни истаймиз. Тўртта учрашувда иккита гол ўтказиш ижобий натижа, тўртта гол уриш бу жуда кам. Етарлича тўп уролмаяпмиз. Лекин “Ювентус” ҳимоясидан ўтишни уддаладик. Энг муҳими, ҳар бир учрашувда ғолиб чиқиш. Бунинг учун жамоавий ўйин ва мустаҳкам ҳимоя керак. Биз ҳимояни яхшилаш борасида ишлаяпмиз. Секин-аста ҳаммаси жойига тушади.

- Тўғридан-тўғри рақобатчилар билан учрашувларда фақат бир очко олинди. “Милан” билан ўйинда ғалаба мусабақа жадвали нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлими?

- Энг муҳими, доим ғалаба қозониш. Нафақат “Милан”, балки “Кальяри”, “Венеция”ги ҳам ютиш керак. Истагимиз шу. “Наполи”га қарши буни кўрсата олдик. Ким рақиб бўлиши вазифани ўзгартирмайди. Биз балки ғолиб чиқолмасмиз, лекин иродамизни ҳеч ким синдира олмайди. “Верона” ва “Лацио”дан мағлуб бўлганимиз ва “Будё-Глимт”га қарши ўйиндаги шармандагарчиликдан кейин ҳам одамлар стадионга келяпти. Чунки улар биз кетаётган йўлни кўриб турибди. Биз бу йўлдан оғишмаймиз.

Изоҳ сифатида таъкидлаш лозимки, Моуриньо биринчи рақамли ҳужумчи сифатида Тэмми Абрахамни тан олади. Бошида Элдор Шомуродов англиялик юлдузнинг асосий ўринбосари эди. Бироқ, кейинчалик португалиялик мутахассис Стефан Эл-Шааравига кўпроқ ишонч билдиряпти. Италиялик футболчи худди Шомуродов сингари қанотдан ва майдон ичкарисидан ҳужум уюштиришда самарали ўйнайди.

“Рома” – “Милан” учрашуви Тошкент вақти билан бугун 23:45 да бошланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов ёки Эл-Шаарави? Моуриньо кимга кўпроқ ишонишини айтди!