22:48 / 10.11.2021
1 917

Достон Турсунов Хитойдаги фаолияти, Катанец ва Грузияга қарши баҳс ҳақида

Достон Турсунов Хитойдаги фаолияти, Катанец ва Грузияга қарши баҳс ҳақида
Фото: ЎФА
Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА кунлари доирасида 8 ноябрь кунидан Тошкентда ўқув-машғулот йиғинига киришди. 9 ноябрь куни миллий жамоа сафига легионерлар ҳам етиб келишди. Миллий жамоанинг «Пахтакор» стадионида ўтказилган эрталабки машғулотидан сўнг, ЎФА матбуот хизмати «Чунцин Лифань» клуби футболчиси Достон Турсунов билан интервью уюштирди.

– Достон, аввало, клубдаги фаолиятингиз ва унинг Хитой чемпионатидаги иштироки ҳақида гапириб берсангиз.
– Хитой чемпионатида биринчи давра якунланди. Унда биз 9та ўйин ўтказдик. Барча клублар бир жойга йиғилган ҳолда чемпионат марказлаштирилган тизимда бўлиб ўтди. Биринчи даврани яхши ўтказиб, 6-ўринда тугатдик. Энди 2-даврани 12 декабрда бошлаймиз. Клубим айни дамда машғулотлар ўтказяпти. Миллий жамоа йиғинидан сўнг клуб сафига қайтаман. Жамоада ҳаммаси яхши, анча мослашиб кетдим.

– Клубдаги бош мураббийингиз, у билан алоқалар, сизга бўлган ишонч қандай? Сизни нималар кутмоқда?
– Бу мураббий ўтган йили Кореяда ишлаган. Мен ҳам ўтган йили Корея чемпионатидаги «Пусан ай Парк»да ўйнаганман, шу сабабли у билан оз бўлса-да, танишмиз. Унинг ўйин услубини биламан, мен билан алоқага чиқиб, клубига олиб келмоқчилигини айтганида, розилик берганман. У ўз ишини устаси ва анча талабчан мураббий.

– Миллий жамоадаги фаолиятингизда пауза юзага келди. Танаффусдан кейин яна йиғинга келганингизда нималарни ҳис қилдингиз?
– Тўғри, 1,5 йил давомида миллий жамоадан чақирув олмадим. Сабаби, ҳамма мураббийнинг ўзига яраша ўйин услуби бор, кимнингдир услубига тушмагандирман. Худога шукурки, ҳозир мана уч сафардан бери йиғинга жалб этиляпман. Янги мураббийга ўзимни ҳар томонлама яхши кўрсатишга ва ўйинимни кучайтиришга ҳаракат қиляпман. Ҳозирча ҳаммаси яхши кетяпти.

Фото: ЎФА
– Кўпчилик миллий жамоага Катанец келганидан сўнг унинг умид бағишлаганини таъкидлаб, унга ишонч билдирмоқда. Сизда бу борада фикр қандай ва у билан алоқаларингиз ҳақида айта оласизми?
– Катанец, албатта, жуда талабчан мураббий. Ўз схемаси ва ўйин услубини аста-секинлик билан барча футболчиларга сингдириб боряпти. У асосан, жамоанинг бирлашиши ва натижа учун ўйнашни ўргатмоқда. Миллий жамоа ҳам анча ёшарган. Худо хоҳласа, бу таркиб билан натижага эришамиз.

– Ўзбекистон ноябрь ойида Грузия билан ўйнайди. Футболчилар бу ўйиндан нималар кутяпти ва ўйинга тайёргарлик жараёнлари қай тарзда кечяпти?
– Грузия миллий жамоаси билан ўйинга тайёргарлик яъло даражада кетяпти. Машғулотлар 8 ноябрда бошланди, ҳозирга келиб барча легионерлар етиб келди. Ўйин насиб бўлса, биз учун яхши натижа билан якунланади. Барибир, улар Европа жамоаси бўлганлиги учун ўйин қизиқ бўлади. Худо хоҳласа, мухлисларимизни хурсанд қиламиз.

– Ўтган галги Иорданиядаги йиғиндан миллий жамоа аъзолари ўзига яраша сабоқ олган. Ўша йиғин ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Иордания билан ўйиндаги мағлубият ҳаммамиз учун дарс бўлди. Бундай жамоага қарши қандай тайёргарлик кўриш, ўйин давомида тўғри ҳаракат қилиш борасида сабоқ олдик. Бу футбол. Унда сиз барибир кимгадир ютқазасиз. Бундан буёғига мағлубиятларни камайтиришга ҳаракат қиламиз.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси дастлаб Тошкентда, кейинчалик эса Грузия пойтахти Тбилисида ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Хориждаги йиғин доирасида 15 ноябрь куни Грузияга қарши ўртоқлик ўйини белгиланган. Учрашув Тбилисидаги «Борис Паичадзе» стадионида соат 19:00да бошланиши режалаштирилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Достон Турсунов Хитойдаги фаолияти, Катанец ва Грузияга қарши баҳс ҳақида