Наманганнинг “Навбаҳор” клубида кутилаётган ўзгаришлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Чунки олдиндан бу жамоадаги янгиликлар ўзига яраша шов-шув келтириб чиқаради. Янги мавсумда “Навбаҳор” ўз олдига юксак мақсадлар қўйган.
Жумладан, жамоанинг биринчи рақамли мухлиси бўлган Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқовнинг ташаббуси билан 2022 йили клуб ўз академиясига эга бўлиши режалаштирилган. Бундан ташқари, вилоят раҳбари янги мавсумда клуб олдига “Навбаҳор”нинг шонли даврини қайтариш, жамоа Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун кураш олиб бориши мақсадини қўйди. Ушбу вазифани амалга ошириш учун клуб раҳбарияти, жумладан, клуб президенти Отабек Арифович Саматов астойдил, енг шимариб ишга киришган.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Наманган вилояти раҳбари ҳам, клуб раҳбари ҳам футболни теран тушунадиган инсонлар. Уларнинг иккиси ҳам болалигида футбол билан жиддий тарзда шуғулланишган. Жумладан, Отабек Саматов “Навбаҳор” ёшлари, “Косонсой” жамоаларида ўйнаган.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда клуб раҳбариятида футбол ичидаги инсонлар фаолият юритишмоқда.
Фикримизни давом эттирадиган бўлсак, якунланган мавсумнинг сўнгги тури олдидан 2022 йили “лочинлар”га Самвел Бабаян устозлик қилиши эълон қилинди. Таркибда ҳам ўзгаришлар бошланган. Хуллас, жамоани олдида қилинадиган ишлар кўп. Аммо қўшимчасига Андрей Канчельскис билан боғлиқ можаро ҳам клуб раҳбарияти учун муаммоларни келтириб чиқарди. Бу эса ҳамманинг эътиборини тортди. Турли гап-сўзлар авж олди. Аммо охир-оқибат “Навбаҳор” Канчельскис ва унинг ёрдамчиси Алексей Беленков билан ҳаммасини яхшиликча ҳал қилгани, муаммони бартараф этгани биз учун ҳам ижобий ҳолат бўлди. Саматов эса ушбу мураббийларга кейинги фаолиятларида омад ёр бўлишини тилади.
Энди “Навбаҳор” ҳеч қандай муаммоларсиз янги мавсум учун жиддий тайёрланишга эътиборини қаратиши турган гап.
Юқоридаги масалалардан келиб чиқиб, “Навбаҳор” клуби президенти Отабек Саматов билан суҳбатлашишни режалаштиргандик. У вақти тиғиз бўлишига қарамай, айрим саволларимизга жавоб берди.
- Яқинда Самвел Бабаян янги мавсумда “Навбаҳор”нинг бош мураббийи этиб тайинланди. Клуб президенти сифатида айтинг-чи, ушбу мураббий олдига 2022 йилда қандай вазифа қўйилди?
- Янги мавсумда клубимизга тажрибали мутахассисни бош мураббий этиб тайинладик. Самвел Вячеславович тўғрисида гапирадиган бўлсам, унинг статистикасига қаралса ҳам барчаси аниқ кўрсатиб қўйилган. Бундан ташқари, Бабаяннинг эришган натижаларидан ташқари, одамийлик жиҳатлари ажойиб, ҳақиқий футбол фидойиси деб ўйлайман. Янги мавсумда Наманган вилоят ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов томонидан “Навбаҳор”нинг шонли даврларини қайтариш белгиланган.
- Таркиб бўйича клуб шов-шувли трансферларни амалга ошириши ҳақида эшитяпмиз. Бу борада бизга қандай янгилик айта оласиз? Таркибда жиддий ўзгаришларга гувоҳ бўламизми?
- Селекция ишлари анча аввалдан бошлаб юборилган. Трансферлар тўғрисида тез орада эълон қилинади. “Навбаҳор”нинг ўз ўрни ва тарихи бор. Биласиз, шунинг учун жамоамизни кейинги мавсумда ҳимоя қиладиган ўйинчилар ҳам бу клубни мақсадини, шонли даврларини қайтариш учун астойдил бўлишлари керак. Чунки “Навбаҳор”да футбол ўйнаш учун энг асосийси, стадионни тўлдириб қўллаб-қувватлайдиган мухлислари бор.
- Виктор Жалилов энди қандай лавозимда ишлайди ёки у клубни тарк этдими?
- Виктор Романович тажрибали мутахассис ва “Навбаҳор” унинг бошқарувида кўплаб совринларни қўлга киритган. Жумладан, 1996 йилги чемпионлик унвонига ҳам жамоа айнан Виктор Жалилов устозлигида эришган. Албатта, унинг бу тажрибаси “Навбаҳор”га янги мавсумда ҳам асқотиши шубҳасиз. Шу боис, Виктор Романович клубда ишлашда давом этади ҳамда жамоанинг мураббийлар штабидан жой олади.
- Дарвоқе, “Навбаҳор”нинг Драган Черан билан музокараларга киришгани ростми?
- Адашмасам, Черанни “Пахтакор” билан яна бир йиллик шартномаси бор. Буни сиз билан суҳбатда ҳам айтган.
- Шу ўринда яна бир масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтишингизни сўрамоқчиман. Яъни, клубни футболчилардан қарзи борлиги ҳақида эшитяпмиз. Бу қанчалик ҳақиқат?
- Мавсум якунига етгач, албатта кўп жамоаларда бўлгани каби бизда ҳам озгина қарздорлик бор эди. Куни кеча бу масалани асосий жамоа футболчилари олдида ижобий ҳал этдик.
- Жамоанинг тожикистонлик ярим ҳимоячиси Эҳсони Паншанбега Туркия, Россия ва Эрон клублари томонидан таклифлар бор. Аммо уни “Навбаҳор” билан яна бир йиллик шартномаси турибди. Клуб уни сотиш учун нарх белгилаганми ёки қўйиб юбормоқчи эмасми?
- Эҳсони яхши футболчи ҳамда жуда яхши инсон. Шуни айтмоқчиманки, унинг жамоамизга келиб қўшилгани “Навбаҳор”га ҳам, ўзига ҳам фойдали бўлди, деб ўйлайман.
- Азимжон Аҳмедов масаласи нима бўлади? У клубда қоладими? Қолаверса, Одил Аҳмедов ҳам фаолиятини Наманганда якунлашни истаганди, аммо кейин негадир фикри ўзгарган. Бу борада муносабатингиз қандай?
- Азимжон Аҳмедов ҳақиқий жонкуяр футболчи ва яхши инсон. Кейинги мавсум учун у билан оғзаки гаплашиб олганмиз. Унинг олдида яхши вариантлар борлигини ҳам биламиз. Албатта, биз Азимжоннинг жамоамизда қолиши учун ҳаракат қиламиз. У клубга жуда ҳам керак, нафақат майдонда, балки майдон ташқарисида ҳам ҳақиқий сардор. Одил Аҳмедов тўғрисида эса бирор нарса дея олмайман. Агар Одил “Навбаҳор”га келса, ҳамманинг орзуси ушалган бўларди, деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ ва Россия Исроил ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги келишувда воситачи бўлади