19:20 / 27.12.2021
1 891

Карлуш Кейруш нима сабабдан Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришни истамагани маълум бўлди

Карлуш Кейруш нима сабабдан Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришни истамагани маълум бўлди
Карлуш Кейруш (чапда) ва Эктор Купер
Фото: ЎФА

Машҳур португалиялик мураббий Карлуш Кейруш Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқариши мумкин эди. 2018 йил февраль ойида ЎФА ушбу мутахассис билан музокара ўтказаётгани, Россиядаги Жаҳон Чемпионати баҳсларидан кейин Кейруш Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида матбуотда хабарлар пайдо бўлганди.

Аммо кейинчалик аргентиналик Эктор Купер миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида оммага таништирилди. Кейрушнинг нима сабабдан Ўзбекистонни бошқаришга рози бўлмагани сабаблари ошкор қилинмади.

Баъзи миш-мишларга кўра, ўшанда Кейруш ЎФА раҳбариятидан жуда катта маош — йилига 4 миллион АҚШ доллари сўраган. «Дарё»га маълум бўлишича, Кейруш билан музокараларда бу миқдордаги пул ҳақида сўз бормаган.

«ЎФА томонидан ҳақиқатан ҳам Карлуш Кейруш билан музокаралар ўтказилган. Португалиялик мутахассис ўша пайт мундиалдан сўнг Эрон терма жамоаси билан ҳамкорликни тугатишга қарор қилган эди.

Биз Кейруш билан гаплашдик. У Ўзбекистонга келишга рози бўлди. Кетма-кет икки марта Эронни Жаҳон Чемпионатига олиб чиққан мураббийга энди янги чорловлар керак эди
», — деди исми сир қолишини сўрган футбол агенти «Дарё» мухбири билан суҳбатда.

«Кейруш Ўзбекистоннинг азалий орзусини амалга ошириш учун кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди. Аммо йилига 4 миллион доллар маош сўрагани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

У музокара пайтида умуман пул ҳақида сўз очмаган. Асосан, Ўзбекистондаги футбол тизимига боғлиқ саволлар берганди: ‘Миллий терма жамоанинг машғулот ўтказадиган ўз майдони борми? Олимпия терма жамоаси бош мураббийи миллий терма жамоа билан ҳамкорликда ишлайдими? Ўзбек футболида менежмент қай аҳволда? Мураббийларни ўқитиш тизими қандай? Ёш футболчиларни кашф қилиб бориш учун нималар қилинмоқда? Ҳар бир ёшдаги терма жамоанинг йиллик режаси борми? Булардан келиб чиқиб миллий терма жамоанинг стратегияси ишлаб чиқиладими?’

Шу каби майда-чуйда масалаларгача сўраган. Табиийки, бизда у айтаётган кўп ишлар ҳали йўлга қўйилмаганди.

‘Наҳотки, Жаҳон Чемпионатига чиқишни мақсад қилган терма жамоанинг машғулот ўтказадиган ўз майдони бўлмаса?’ – деб ҳайрон қолганди ўшанда Кейруш
», — дея қўшимча қилади «Дарё» манбаси.

Маълумот учун, Кейруш ЖЧ—2018 мусобақасидан кейин Эрон билан ҳамкорликни узайтиришга қарор қилди. У 2019 йил январда бўлиб ўтган Осиё Кубогидан кейин Эрондан кетди. Бироз ўтиб Колумбия терма жамоаси устозига айланди. Бироқ қониқарсиз натижалардан кейин 2020 йилда Колумбиядан истеъфога чиқарилди. 2021 йилнинг сентябрь ойида эса Кейруш Миср терма жамоасини қабул қилиб олди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ёзида Вадим Абрамов истеъфога чиқарилгач, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлиги учун номзодлар қаторида Кейрушнинг номи ҳам бўлгани маълум бўлганди. ЎФА медиа бўлими раҳбари Даврон Файзиев ЎФА кўплаб номзодлар қатори Кейруш билан ҳам боғлангани, бироқ мутахассис оилавий сабаблар билан Мозамбикда экани ва айни вақтда терма жамоани қабул қила олмаслигини билдиргани ҳақида айтганди.

Кейруш мураббийлик фаолияти давомида Эрон ва Колумбиядан ташқари ЖАР, БАА ҳамда Португалия каби терма жамоаларда ҳам ишлаган. Шунингдек, «Реал Мадрид», «Манчестер Юнайтед» (ёрдамчи мураббий), «Нагоя Грампус» ва «Спортинг» сингари клубларда фаолият юритган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Карлуш Кейруш нима сабабдан Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришни истамагани маълум бўлди