Биз учун қадрдон мураббийга айланиб улгурган Шота Арвеладзени соғинаётганлар орамизда кўп. Эсингиздами, Ўзбекистонга келган илк пайтида бироз қийналганди. Оқибатда “Пахтакор” билан кўзлаган натижасига эриша олмаган. Ўшанда тан олайлик, Арвеладзенинг салоҳиятига, унинг тажрибасига шубҳа билан қарай бошлашди. Лекин кейинги мавсумдан бошлаб жамоа ўйинида тўлиқ мураббийнинг имзоси кўрина бошлади. Бунинг учун ўзига керакли ўйинчиларни ҳам қўлга киритди.
Шу тариқа, грузиялик мутахассис бошқарувидаги жамоани Ўзбекистонда яна энг кучли клубга айлантирди ва Осиёда ҳам мавқеини тиклай бошлади. Тўғри, “Пахтакор”даги шароитлар, молиявий имкониятларнинг яхшилиги ҳам натижаларга ўз таъсирини кўрсатган, дея фикр билдираётганларга қарши бормоқчи эмасмиз. Бироқ Шота Юстинович мураббий сифатида футболчиларни замонавий билими билан “илҳомлантирганди”. Унинг “Пахтакор”и Осиё Чемпионлар лигасини ютиш даражасидаги мавқега чиққанди, десак муболаға бўлмайди.
Унинг кетгани ёдингизда бўлса керак-а? Қандай савиядаги мураббийлигини исботлади ва совринларни ютгач, “Пахтакор”дан бошини тик қилган ҳолда кетишни лозим топди. Унинг кетишини ҳеч ким истамади, бироқ у ўз қарорини ўзгартирмади. Арвеладзени энди фақат илиқ хотиралар билан эслаймиз.
“Пахтакор”нинг собиқ устози ҳали янги иш жойига эга бўлгани йўқ. Бироқ унга етарли даражада таклифлар бўляпти. Айниқса, Англиянинг “Халл Сити” клубидан тушган таклиф анча қизиқарли кўринди. Бу хабар ўзбекистонлик мухлисларни ҳам беэътибор қолдирмади.
Инглизларнинг таклифи бўйича тафсилотларини Sports.uz сайти орқали куни кеча қисман бўлса-да, эътиборингизга ҳавола қилгандик. Бундай вазиятда Арвеладзенинг ушбу чақирув юзасидан муносабатини билиш ҳам биз учун жуда қизиқ эди. Шу мақсадда грузиялик мутахассис билан боғланишга уриндик. Албатта, янги йил арафаси бўлгани сабабли мутахассис кўпинча оила ва дўстлар даврасида эканини маълум қилди. Лекин биз ҳам ортга чекинмадик ва унинг фикрларини ўрганиш учун кутдик. Вақти тиғиз бўлишига қарамай, Арвеладзе бизнинг саволларимизга қисқароқ бўлса-да, жавоб берди.
- Шота Юстинович, сизни авваламбор янги – 2022 йил билан табриклайман. Айтинг-чи, янги йилни қаерда ва ким билан кутиб олдингиз?
- Раҳмат. Мен янги йилни Грузияда, ўз уйимда яқинларим билан биргаликда кутиб олдим. Ахир янги йил оилавий байрам сифатида нишонланиб келинади.
- Ва ниҳоят, 2022 йилда яна фаол мураббийлик фаолиятингизга қайтсангиз керак-а?
- Ҳа, мен бирор-бир жамоани бошқаришни, тезроқ ишга киришишни кутяпман.
- Яқинда Англияга бориб келдингиз ва “Халл Сити” билан музокара ўтказдингиз. Бу сиз учун қулай таклифми? Уни қабул қилдингизми?
- Ҳа, менга таклиф билдирилди. Англияда ишлаш имконини берадиган визани олиш учун ариза топширганман. Ўша виза келиши биланоқ ишга киришишни интиқлик билан кутиб қоляпман. Ҳозирча иш бошлашим билан боғлиқ масала ҳал бўлмасдан турибди. Насиб қилса, тез орада ҳаммаси ҳал бўлади. Шундан умид қилиб турибман.
- “Халл Сити”да олдингизга қандай вазифа қўйиляпти? У ерда ўзингизни синаб кўришга тайёрмисиз?
- Боя айтганимдек, ҳозирча иш билан боғлиқ масала узил-кесил ҳал бўлгани йўқ. Қачонки, барчаси аниқ бўлгач, шунда нимадир айтишим мумкин.
- Сизни жиддий қизиқтираётган яна бошқа таклифлар ҳам борми?
- Айтишим керакки, менда бир қанча таклифлар йўқ эмасди. Масалан, Туркиядан ҳам таклифлар олгандим.
- Агар Англияда ишласангиз қайсидир ўзбек футболчиларини таклиф қилиш режангизда борми? Масалан, Жалолиддин Машариповни янги клубингизда кўрмоқчимисиз?
- Англияда иш бошлайдиган бўлсам, Жалолиддин Машариповни жон деб бошқарувимдаги жамоага ўйнаш учун олиб келган бўлардим.
- Мураббий сифатидаги орзуингиз қандай?
- Премьер лигада ишлаш мураббий сифатидаги орзуларимдан биридир.
Мана, ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, Арвеладзе Англия клуби билан боғлиқ вазият бўйича муносабатини билдирди. Унинг ўзида ҳам Англия чемпионатида мураббийлик қилиш истаги юқори. Айниқса, ўз клубида Машариповни кўриш истаги борлигини очиқ айтгани ҳам эътиборга молик. Аммо ҳозирги пайтда нафақат ҳар куни, балки ҳар соатда қандайдир янгилик пайдо бўлиб қолиши мумкин.
Мазкур мақолани тайёрлаётган чоғимизда грузиялик мураббийга Россиянинг “Краснодар” клубидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабар тарқалди. Шуни айтиш керакки, бу Арвеладзе олдида турган вариантлардан бири сифатида қабул қилинди. Ушбу хабардан сўнг, яна бир бор унга алоқага чиқишимизга тўғри келди. Негаки, “Краснодар” ростдан ҳам таклиф билдирганми-йўқми, шуни билишимиз керак эди. Шота Юстиновичга юборган сўровимиз бўйича у ушбу хабарни тасдиқлади.
Демак, “Краснодар”дан таклиф бўлгани рост. Лекин мураббий юқорида айтганидек, ҳозирда Англияда ишлаш борасидаги масала ҳал бўлишини кутяпти. Қолаверса, ўзи ҳам инглиз чемпионатида ишлаш ниятида эканини яширмаган. Бироқ таклифлар орасида пайдо бўлган “Краснодар” варианти Арвеладзенинг режаларини ўзгартириб юборишга қодирми? Буни тез орада билиб оламиз.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди