14:14 / 30.01.2022
2 339

“Рома” учун жуда хунук хабар!

“Рома” учун жуда хунук хабар!
“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо узоқ вақтдан бери жамоанинг етакчи ҳимоячиси Леонардо Спинаццоланинг сафга қайтишини интизорлик билан кутаётган эди.

28 ёшли футболчи ёзда Европа чемпионати чорак финалида Бельгияга қарши учрашувда оғир жароҳат олиб, кейинроқ операция қилинган эди. Аввалига тажрибали ҳимоячи мавсум бошида машғулотларга қайтиши айтилди.

Кейинчалик бу муддат икки марта ўзгартирилди. Дастлаб, у ноябрда интенсив машғулотларга қайтиши ва декабрда майдонга тушиши ҳақида маълумотлар тарқатилди. Кейинроқ жорий мавсумдаги дебют янги йилнинг бошида бўлиши билдирилди.

Энди “Рома” шифокори Андреа Ферретти клуб раҳбарияти ва мураббийлар штабига Спинаццола жорий мавсумда майдонга қайта олмаслиги ҳақида жуда хунук хабарни етказди.

- Бу футболчи учун жуда оғир жароҳат. Тажрибадан маълумки, бу турдаги жароҳат жуда узоқ даволанади. Яқинда мен Леонардо билан кўришдим. Унинг майдонга қайтишга иштиёқи баланд. Лекин тез орада бундай бўлмаслигини ўзи ҳам билса керак. Футболчи ҳали майдондаги тикланиш машғулотларини ҳам бошлай олмайди.

Энг мақбул вариант унинг келаси мавсумгача сабр қилиши. Шунда у 2022 йилги жаҳон чемпионати бошлангунга қадар ўз спорт формасини тиклашга улгуради
, - деди Андреа Ферретти.

Спинаццоланинг жароҳати нафақат “Рома”, балки Европа чемпионати қолиб чиққан ва айни пайтда Қатарда бўладиган мундиалга чиқиш учун ўтиш беллашувларига тайёргарлик кўраётган Италия миллий терма жамоаси учун ҳам катта йўқотиш ҳисобланади.

“Рома” ва ПСЖ музокарани давом эттирмоқда

“Рома” ва “Пари Сен-Жермен” мутасаддилари парижликлар ярим ҳимоячиси Данилу Перейранинг Италия клуби трансфери бўйича музокарани давом эттирмоқда.

Le10Sport нашрининг хабар беришича, португалиялик футболчига шахсан Жозе Моуриньонинг ўзи қизиқмоқда ва спорт директори Тьягу Пинтодан бу ўйинчини тезроқ Римга олиб келишни сўраяпти.

Данилунинг Париж клуби билан ҳали уч йиллик шартномаси бор. Бироқ, клубни Маурисио Почеттино қабул қилиб олганидан кейин бу ўйинчи асосий таркибдаги ўрнини йўқотди ва етарли даражада майдонга тушмаяпти.

Жорий мавсумда 30 ёшли ярим ҳимоячи атиги ўнта ўйинда қатнашди ва бу ўзини кўрсатиши учун етарли бўлгани йўқ.

“Рома”нинг моддий имконияти чеклангани боис, “бўрилар” португалиялик ўйинчини мавсум охиригача ижарага олмоқчи.

“Рома”дан кетмасак бўлмайди

Гвинеялик ярим ҳимоячи Амаду Диаваранинг агенти футболчи “Рома” билан хайрлашишга мажбур эканини маълум қилди.

Амаду Диаваранинг тақдири шу кунларда ҳал бўлади. Унга Италия ва Франция клубларидан таклифлар бор. Бироқ, ярим ҳимоячи “Ваоенсия”да тўп тепишни истаяпти.

- Биз клуб спорт директори Тьягу Пинто билан учрашганимидан кейин “Рома”ни тарк этишимиз кераклиги ойдинлашди, - деди Диаваранинг агенти.

“Рома” мутасаддилари асосий таркибга кира олмаётган ўйинчини “Торино”га таклиф қилган. Бироқ, Диавара агенти айтганидек Испания чемпионатида тўп тепишни режалаштирмоқда.

“Рома” яна бир ҳимоячини нишонга олди

“Рома” мураббийлар штаби “Фейеноорд” ҳимоячиси Маркос Сенесига қизиқиш билдирмоқда. Улар 24 ёшли футболчи келажакда Рожер Ибаньесга муносиб ўринбосар бўлишига ишоняпти.

Il Romanista нашрининг хабар беришича, “бўрилар” истеъдоли ҳимоячини ёзда харид қилмоқчи. Бразилиялик Рожер Ибаньес эса, мавсум охирига бориб клубни тарк этиши мумкин. Чунки бу ўйинчига Европанинг бошқа клубларидан қизиқиш бор.

“Фейеноорд” вакили Сенеси жорий мавсумда 29 та учрашувда майдонга тушиб, ҳимоя марказини мустаҳкам ушлаши баробарида рақиблар дарвозасини икки бор ишғол қилди ва жамоадошларига учта голли пас узатди.

Маҳоратли ўйинчининг трансфери 12 миллион еврога баҳоланмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Рома” учун жуда хунук хабар!