Ниҳоят, Тожикистон миллий терма жамоасига ҳам расман янги бош мураббий тайинланди. 56 ёшли хорватиялик Петр Сегрт ён қўшниларимиз жамоасини бошқаришга киришди.
Яхши биласиз, унга қадар 2018-2021 йиллар мобайнида Тожикистон миллий терма жамоасига ўзбекистонлик Усмон Тошев бош мураббийлик қилиб келди. Ҳамюртимиздан кейин эса унинг жойи бўш турганди. Албатта, орада маҳаллий мутахассис Мубин Эргашев вақтинчалик бош мураббий сифатида Тожикистоннинг Қозоғистонга қарши ўртоқлик учрашувида устозлик қилди. Аммо ҳали расман янги мураббий тайинланмаётганди. Бу борада ТФФ раҳбарияти бир қатор номзодларни ҳам ўрганиб чиқишди.
Яқинда Sports.uz сайти орқали хабар берганимиздек, “Локомотив” клубининг португалиялик собиқ устози Микаэль Секейрага ҳам таклиф билан чиқишган. Лекин у тожикларнинг таклифини қабул қилмаган. Охир-оқибат Петр Сегрт Усмон Тошевдан сўнг Тожикистон миллий терма жамоасининг расман бош мураббийига айланди.
Хўш, Сегрт қандай мураббий? Бунгача қаерларда ишлаган? 1966 йилнинг 8 май санасида таваллуд топган. Унда Германия ҳамда Хорватия фуқаролиги бор. Футболчилик фаолиятини немис клубларида ўтказган. Шунга кўра, у мураббийликка ўтгач ҳам дастлабки қадамларини айнан Германияда ташлади ва бир қатор жамоаларда ишлади. Кейинчалик Австрия клубларини бошқарди. Терма жамоалар миқёсида у Грузия, Афғонистон ва Мальдив термаларида фаолият олиб борган. Шунингдек, Индонезия клубларини ҳам бошқарган.
Петр Сегрт Тожикистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида эълон қилинганидан сўнг, унинг иштирокида матбуот анжумани уюштирилди. Таъбир жоиз бўлса айтиш лозимки, Тожикистоннинг янги бош мураббийи билан ўтказилган матбуот анжумани анча қувноқ тарзда кечди. Унинг айрим қисмларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Аввало, барчага ўз саломимни етказмоқчиман, - дея гап бошлади, янги мураббий. - Бу ерда эканлигимдан хурсандман. Тожикистон футбол федерацияси билан шартнома имзолаб бўлдик. Келишув бир йилга мўлжалланди. Агар терма жамоа “Осиё Кубоги-2023” финал босқичига чиқадиган бўлса, шартнома автоматик равишда узайтирилади. Тожикистондаги футбол ташкилотчилигидан мени ҳайратда қолдирган нарсалар ҳақида айтмоқчиман. Мен ошириб юбормаяпман, тил ёғламалик қилаётганим йўқ. Тожикистон футбол федерацияси Осиёда энг яхшиларидан биттаси. Мен кўплаб мамлакатларда ишладим ва кўп нарсаларни кўрдим. Шу сабаб, солиштиришда менда имконият бор. Яъни, мени кутиб олишларидан бошлаб, музокаралар жараёни ва бугунги кунгача бўлган барча ҳолатларни таққослаш имкониятига эгаман.
Футбол масаласида ҳам худди шу нарсаларни айтишим мумкин. Аниқроғи, майдондаги ўйинни яхши ташкил этиш керак. Тожикистонлик ўйинчилар катта потенциалга эга. Мамлакатда кўплаб иқтидорли футболчилар бор. Тожикистон футбол федерацияси президенти жаноб Жўразоданинг гапларига келсак, ҳа мен Германияда ўсганман. Аммо томирларимда хорват қони оқяпти. Тожикистонда ишлаш эса мен учун ажойиб имконият. Тожик халқидан жуда қаттиқ ҳайратда қолдим. ТФФ футбол академияси ҳам менда катта таассурот қолдирди. Осиё Кубогига чиқамиз деб 100 фоиз ваъда бера олмайман. Лекин, келинг, бирлашамиз ва ҳаракат қилиб кўрамиз. Осиё Кубоги финал босқичига чиқиш – бу Тожикистон футбол федерацияси учун катта орзу. Ҳаммаси эса орзудан бошланади. Шунинг учун ишлашни бошлаймиз ва бу орзуни рўёбга чиқарамиз.
- Тожикистон терма жамоасига номзодларни қандай танлаб оласиз? Ёки сиз ишлашингиз керак бўлган тайёр ўйинчилар рўйхатини олиб келишадими?
- Менга тайёр рўйхатни олиб келишади деб сизга ким айтди? 100 фоиз ишонч билан айта оламанки, таркибни ўзим танлайман. Шундай экан, майдонда ким ўйнашини ўзим ҳал қиламан. Бу менинг фалсафам. Агар ишимни йўқотсам, у ҳолда бир ўзим айбдор бўламан.
- Бироқ Тожикистон терма жамоасининг олдинги бош мураббийи футболчиларни уларнинг характери туфайли обьектив сабабларга кўра, термага чақирмаганлигини айтганди.
- Ўзингиз қаранг, менга терма жамоада кўришни истаган у ёки бу футболчимни олиб келишга монелик қилишадими?
- Аввалги йиллари терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқаман, деган мураббийлар ишлашди. Бироқ бу юз бермади. Тожикистон терма жамоасини “Осиё Кубоги- 2023” финал босқичига олиб чиқа оласизми?
- Тожикистон футболининг фойдаси йўлида суткасига 24 соат ишлашга ваъда беришим мумкин. Мақсадларга эришиш учун ўз штабим билан бор маҳоратимизни ва билимимизни ишга солишга ҳаракат қиламиз.
- Ижтимоий тармоқларда кўплаб ишқибозлар сизга шундай лақаб беришган: “Эйнштейн”. Маълумки, Эйнштейн буюк физик бўлган. Хорватиялик “Эйнштейн” нима билан шуғулланади?
- Аслида менда лақаблар кўп. Масалан, кимдир мени “Меъмор” деб атаса, кимлардир учун “Футболчиларнинг отаси” ҳисобланаман. Афғонистон терма жамоасига устозлик қилган кезларимда мени “Умид қилинадиган киши” деб аташарди. “Эйнштейн” лақабини биринчи бор эшитиб турибман. Агар тожикистонлик ишқибозларга мени шундай аташ ёқаётган бўлса, у ҳолда бемалол “Эйнштейн” деб атайверишсин.
Эътибор берган бўлсангиз, матбуот анжуманида Усмон Тошевга ҳам бироз “тегиниб” ўтилган. Шу билан бирга хорватиялик “Эйнштейн” тожикистонлик футболчилар тўп сураётган миллий биринчиликлар қатори энди Ўзбекистон чемпионатини ҳам кузатишга мажбур. Чунки Суперлигамизда бир қатор Тожикистон терма жамоаси футболчилари бор. Даврон Эргашев, Зоир Жўрабоев, Эхсони Паншанбе, Алишер Жалилов – булар ўз термаларининг лидерлари! Матбуот анжуманида Сегрт Тожикистонда яхши футболчилар борлигини ва таркибни ўзи танлашига ҳам алоҳида урғу бериб ўтди. Шундай экан, терма жамоанинг етакчилари бизнинг чемпионатда тўп суришар экан, ўз-ўзидан “Эйнштейн” уларнинг иштирокидаги ўйинларини ҳам кузатишига тўғри келади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтишимиз лозимки, Паншанбе билан Эргашев Суперлигамизда, аниқроғи “Навбаҳор” ҳамда “Бунёдкор” жамоаларида бир неча мавсумдан бери тўп суришмоқда. Алишер Жалилов эса яқинда “Истиқлол”дан АГМКга кўчиб ўтди. Зоир Жўрабоев илгари “Металлург” шарафини ҳимоя қилган бўлса, энди “Сурхон” учун тўп суради.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трамп қайси хорижий мамлакатлар етакчилари билан телефонлашгани маълум бўлди