15:14 / 02.02.2022
830

Фарруҳ Сайфиев терма жамоамизнинг йиғини ҳақида: "Жамоавий ўйин устида ишлаяпмиз"

Фарруҳ Сайфиев терма жамоамизнинг йиғини ҳақида: "Жамоавий ўйин устида ишлаяпмиз"
Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси январь ойида БААда йиғин ташкил этди. Унда маҳаллий чемпионатда тўп сураётган ва легионер футболчиларимиз жалб этилди. Мазкур йиғин иштирокчиси, “Пахтакор” клуби етакчиларидан бири Фарруҳ Сайфиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Фарруҳ, терма жамоанинг январь ойидаги йиғини қандай ўтди?
- Очиғи, бу йиғиндан кўнглим тўлди. Жамоа анча муддат бирга яшади, футболчилар янада бир-бири билан яқинлашди, жамоавий муҳит мустаҳкамланди. Бундан ташқари, мураббийлар учун ҳам фойдали бўлди. Сречко Катанец ўз услуби ва ғоясини футболчиларга тушунтириш учун кўпроқ имкониятга эга бўлди. Машғулотлар давомида ҳар битта чизиқ устида ишлашга вақтимиз етарли бўлди. Ўйингача 1 ҳафта вақт қолганда бошланадиган йиғинларда тактикалар устида ишлашга вақт қисқа бўлади, бироқ бу галги йиғинда услуб масаласида кўпроқ ишлай олдик.

- Пандемия шароитида йиғинлар ташкил этилмоқда. Бу борада жамоа муаммоларга дуч келмадими?
- Бугунги кунда бутун дунё янгича муҳит ва шароитга мослашмоқда. Хусусан, футбол ҳам коронавирус билан ҳисоблашишга тўғри келяпти. Йиғин пайтида ҳам доимий равишда ковидга тест топшириб борилди. Жамоа аъзоларидан кимдадир мусбат натижалар чиқса, тезкорлик билан карантинга олинди. Бу борада жамоамиз шифокорлари кўп меҳнат қилишди. Ковид билан касалланганлар сони кўпайиб кетишини олдини олиш билан бир қаторда, футболчиларни тезроқ соғайиб, машғулотларга қайтишлари учун фидойиларча меҳнат қилишди. Уларга албатта раҳмат айтишимиз керак. Пандемия рақибларимизга кўпроқ таъсир қилди. Япония, Баҳрайн, Янги Зеландия шу сабабли режаларига ўзгартириш киритди. Шундай бўлса-да, яхши спарринг-рақиблар билан учрашувларда жамоавий ўйин устида ишладик.

- Сиз жамоадаги энг тажрибали футболчилардан бири ҳисобланасиз. Шу билан бирга таркиб анча ёшарганини айтиб ўтиш керак. Ёшларнинг жамоага киришиб кетиши қандай кечди?
- Ҳа, бир қанча янги футболчилар билан ишладик. Биз қўлимиздан келганча уларга миллий жамоа аҳамияти ва бу ердаги жараёнларнинг фаолиятига таъсири ҳақида тажрибамиз билан ўртоқлашдик. Юқорида айтганимдек, йиғин бу масалада ҳам сермаҳсул бўлди. Яъни, янги футболчилар муҳитга тўлиқ киришиб кета олишди.

ЎФА матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фарруҳ Сайфиев терма жамоамизнинг йиғини ҳақида: "Жамоавий ўйин устида ишлаяпмиз"