22:50 / 03.02.2022
1 099

"Навбаҳор"даги аншлаг ҳозирданоқ бошланиб кетди. Мухлислар Бабаяндан "мўъжиза" кутишяпти...ми?

"Навбаҳор"даги аншлаг ҳозирданоқ бошланиб кетди. Мухлислар Бабаяндан "мўъжиза" кутишяпти...ми?
Бугун Наманганда “Навбаҳор” навбатдаги назорат учрашувида иштирок этди. Рақиб Қирғизистоннинг “Алай” жамоаси. Қишки тайёргарлик учун яхши рақиб. “Навбаҳор” яқинда “Турон” билан ҳам ўз майдонида ўртоқлик ўйинини ўтказганини биласиз. Ўшанда 2:1 ҳисобида рақибидан устун келган Самвел Бабаян жамоаси бу сафар қирғизистонликларни 4:1 ҳисобида тор-мор келтирди. Агар четдан келган бирор киши бу беллашувни кўриб қолса, албатта чемпионат ўйини деб ўйлайди.

Бу аслида оддий ўйин, чемпионатга тайёргарлик жараёнининг бир қисмига киради холос. Аммо стадиондаги муҳитни кўрдингизми? Ўйинни кўриш учун “Навбаҳор” марказий стадионига камида 7 мингдан зиёд ишқибоз тўпланди. Қойилмисиз?! Энди ўйланг, ҳозирданоқ оддий ўртоқлик ўйинига шунча мухлис кириб турса, эртага чемпионат бошланганда қандай аншлаг бўлишини тасаввур қиляпсизми? Наманганлик мухлислар катта футболни қанчалик соғинишганини яққол ифодаси, бу. Расмий ўйиндан қолишмайдиган баҳсга айланиб кетди. Футбол барибир мухлислар билан гўзал. Ҳатто, Суперлигада шундай жамоалар борки, уларнинг расмий ўйинларига ҳам шунча мухлис кирмайди!

Ростини айтганда, ишқибозлар севимли жамоасининг ҳозирги ҳолатига ҳаддан зиёд қизиқаётганларига бир нечта сабаблар бор. Биринчиси, бу Самвел Бабаян. “Навбаҳор”га расман бош мураббий этиб тайинланганидан кейин жиддий равишда ишга киришди. У “Локомотив”да ишлаётганидаёқ “Навбаҳор”га бефарқ эмаслигини ва бу клуб шаънига жуда илиқ сўзларни айтгани албатта наманганлик ишқибозларни бефарқ қолдирмаган. Тақдир тақозоси билан ўша мураббий энди Наманганда ишлаяпти ва ундан таъбир жоиз бўлса, “мўъжиза” кутишяпти, ишонаверинг! Шунинг учун ишқибозлар Бабаян жамоасига катта қизиқиш билан қарашмоқда.

Иккинчи сабаби эса таркибдаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Жамшид Искандеров, Йован Жокич, Зоран Марушич, Элгужа Григалашвили, Ислом Кенжабоев, Егор Кримец, Нурилло Тўхтасинов, Станислав Андреев, Жамшид Болтабоев, Хуршид Мухторов...Яхши ижрочилар! Клубнинг селекциядаги амалга ошираётган трансферлари ишқибозларни хурсанд қилаётганини англаш қийин эмас. Янги футболчиларни кўриш, уларнинг ўйинидан завқ олиш иштиёқидаги ишқибозларнинг ҳолатини тушунса бўлади. Улар мавсум бошланишини сабрсизлик билан кутишмоқда. Бабаян улар учун балки сюрприз тайёрлаётгандир-а?! Ахир уни “Навбаҳор”га шунчаки келган деб ўйлайсизми? Шунча ҳаракат, шунча харажат ва шунча меҳнат. Буларнинг замирида албатта аниқ ва жиддий мақсадлар яширинган.

Мана кўрасиз, бу йил “Навбаҳор” стадиони “ёнади”. Клубнинг бундай тайёргарлигига жавобан ишқибозлар ҳам жим қараб турмайди. “Навбаҳор”нинг асосий кучи – бу унинг жонкуяр ва ўта талабчан мухлисларидир. Шунинг учун ҳозирданоқ клубни бу мавсумда жуда қайноқ саргузаштлар кутаётганига ишонамиз.

Бабаян юқори даражадаги муҳитга эга бўлган клубда ишлашга иштиёқманд бўлиб юргани учун ўзини жуда талабчан мухлислари бор жамоага бағишлади. Бу таваккалчиликми ёки ҳаммаси аниқ режа асосида қилинганми, бунисини ҳозир айтиш қийин. Мавсум охирида ҳаммаси маълум бўлади. Тўғри, “Навбаҳор”да шундай одат борки, чемпионат бошланишидан аввал доим мақсад катта айтилади-ю, бироқ мавсум якунида бу клубни ўша айтилган поғонада топа олмай қоламиз. Лекин бу сафар қандай бўлади? Янги мураббий омадсизликка чек қўя оладими? У Наманган халқининг орзусини рўёбга чиқара оладими?

Афтидан, клубдаги ўзгаришлар шунга қараб кетяпти. Тўғри, мавсум олдидан ҳамманинг имконияти ҳам, кучи ҳам тенг. Оғизда ҳар қанча гапирсак бўлаверади, аммо ҳаммасини амалда кўрсатиш керак. Ҳозирча шуни айтиш мумкинки, Бабаян ва унинг жамоасини кўпчилик Суперлиганинг фаворитлари қаторига қўшишяпти. Фақат шуни аниқ айта оламизки, янги мавсумда “Навбаҳор” чемпионатдаги интригани анча қизитади. Дарвоқе, жамоа охирги кучайтирилган режимдаги тайёргарлик босқичини яна бир бор Туркияда ўтказиб қайтади. Хуллас, ҳозирча барчаси Бабаяннинг режаси асосида кетяпти, чемпионатда ҳам унинг режаси ўхшайдими-йўқми, буни биргаликда кузатамиз.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Навбаҳор"даги аншлаг ҳозирданоқ бошланиб кетди. Мухлислар Бабаяндан "мўъжиза" кутишяпти...ми?