Жозе Моуриньо замонавий футболида энг кўп соврин ютган мураббийлардан бўлса-да, фаолияти давомида кутилмаган қарорлар чиқариши билан ҳам машҳур. Унинг истак-хоҳишлари тез-тез ўзгариб туради.
Айни пайтда Италия матбуоти “Рома”нинг ёзги трансферлар вақтидаги хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиб, португалиялик мураббий кимларга жавоб бериб юборишини тахмин қилмоқда. Чунки, жорий мавсумда Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш имконидан айрилган ва Италия кубогидан чиқиб кетган пойтахт клуби ҳозирги таркиб билан юқори мақсадлар учун кураша олмаслиги ойдинлашиб қолди.
Италиялик журналистлар Жозе Моуриньо мавсум давомида кимни танқид қилган бўлса, бирин-кетин уларни кетказаётганига эътибор қаратди. Мавсумнинг биринчи қисмида бош мураббийга ёмон кўриниб қолган Борха Майораль, Гонсало Вильяр, Брайан Рейнольдс ва катта ўйинлар учун ёшлик қилган Риккардо Калафьори январда бошқа клубларга кетказилди.
Gazzetta dello Sport нашри “Рома” мавсум якунланиши билан Рожер Ибаньес, Жордан Верету, Матиас Винья ва Генрих Мхитарян билан хайрлашмоқчи эканини маълум қилди.
Calciomercato.сom журналистлари ихтиёридаги маълумотларга кўра, бу рўйхат кенгроқ. Юқорида номи келтирилган футболчилардан ташқари Амаду Диавара, Мараш Кумбулла, Карлес Перес ва Элдор Шомуродов ҳам “Рома”да қолмаслиги мумкин.
Легионеримизнинг “Женоа”дан “Рома”га трансфери Жозе Моуриньо талаби билан амалга оширилган бўлса-да, португалиялик мураббий уни асосий таркибда кўра олмади. Дастлаб, Элдорга имконият берган ва Шомуродов гол ура бошлаган вазиятда жамоага “Челси”дан Тэмми Абрахам келди. Англиялик юлдузга кураш ва рақобатсиз асосий ҳужумчи мақоми берилиб, ўзбек футболчиси захирага ўтказилди.
Моуриньо 9 январь куни 21-турда “Ювентус” билан бўлган ўйинга қадар Шомуродовни мунтазам бир неча дақиқага бўлса ҳам, майдонга ташлаётган эди. Туринликлардан учралган мағлубиятни Шомуродовдан кўрган Моуриньо ҳамюртимизнинг кубок ўйинида гол урганига қарамай, секингина таркибдан чиқариб юборди.
А Серияда “Кальяри”га қарши баҳсда 15 дақиқа ўйнаган Элдор “Эмполи” ва “Женоа” билан бўлган сўнгги икки ўйинни фақат захирадан кузатди. Шунингдек, Италия кубогида “Интер”га қарши ўтказилган учрашувда ҳам Шомуродовга ишонч билдирилгани йўқ.
Миландаги баҳсдан кейин жамоа ички муҳитида муаммолар борлиги ошкор бўлди. Моуриньонинг кийим алмаштириш хонасида ўйинчиларнинг “пўстагини қоққани" ҳақидаги хабарлар тарқалиб келди. Ўша жараёнда бегона одам бўлмагани, бу воқеа фақат ўйинчилар ва мураббийлар штаби вакиллари иштирокида ўтган бўлса-да, ички сирларнинг оламга ёйилиши Жозенинг клубда ишлашини маъқулламаётганлар ҳам борлигини англатади.
Кейинроқ, “Рома” футболчилари Жозе Моуриньонинг иш услубидан норозилиги, бош мураббийга бўлган ишонч йўқолгани, унинг талаби билан амалга оширилган трансферлар самара бермаётгани ҳақидаги хабарлар чиқиб кела бошлади.
Португалиялик мутахассис буларнинг барини инкор этиб, ҳаммаси жойида кетаётганини, шогирдлари билан муносабатларда муаммо йўқлигини иддао қилган бўлса-да, бунга ҳаммани ҳам ишонтириб бўлмайди.
Моуриньонинг фаолиятига назар ташласак, ўзи ишлаган жамоаларнинг деярли барчасида ўйинчилар билан муносабатларда кескинлик ва зиддиятни вужудга келтирганини гувоҳи бўламиз. Хусусан, Моуриньо “Реал”ни бошқарганида дарвозабон Икер Касильяс, “Челси”га биринчи борганида , Кевин де Брюйне, Ромелу Лукаку, Муҳаммад Салоҳ, “Манчестер Юнайтед”да Генрих Мхитарян, Бастиан Швайнштайгер, Маруан Феллайни, Хуан Мата, “Тоттенхэм”да Танги Ндомбеле ва Деле Алли каби футболчилар билан чиқиша олмаган ва охир-оқибатда бу ўйинчиларнинг аксарияти жамоадан кетишни энг тўғри вариант, деб ҳисоблаган. Аслида бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Шу ўринда, Элдор Шомуродов вазиятни ўнглаши учун имконият етарли. Ҳамюртимиз бош мураббий майдонга туширган ўйинларда кўпроқ гол уриши ва самарали ҳаракатларни амалга ошириши талаб этилади.
Ҳужумчимизнинг меҳнаткаш ва иродали ўйинчилар тоифасига киришини инобатга олсак, қайсар Моуриньонинг ишончини қайта қозона олишига умид уйғонмоқда. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди