Тимур Кападзе бошчилигидаги "Олимпик" клуби янги мавсум Суперлига йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Айтиш керакки, бу жамоа олдига 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган.
Бу йил ушбу жамоани катта мусобақалар кутиб турибди. Аввало, пойтахтимизда ўтадиган Осиё чемпионати, кузда Хитойда бўладиган Осиё ўйинлари, шунингдек, Суперлига ва мамлакат кубоги Тимур Кападзе ва унинг жамоасини қанчалик шиддатли баҳслар кутаётган далолат беради. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати “Олимпик” ва Олимпия терма жамоасининг янги мавсумга тайёргарлиги ҳақида Тимур Кападзе билан суҳбатлашди.
– Хорижий ўқув-машғулот йиғинида кўзланган режа амалга ошдими?
– Албатта. Чунки 25 кун хориж йиғинида бўлдик ва 2 маҳалдан машғулот ўтказдик. Озиқ-овқат ва бассейн, сауна каби бошқа масалаларда барча шароитлар муҳайё қилинди ва бу футболчиларнинг тикланиш жараёнини ҳам анча тезлаштирди. 10 та ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Ўз навбатида, ёш футболчиларимиз бундан анча тажриба орттиришди. Украина, Македония, Болгария, Қозоғистон клублари, шунингдек, Мексика U-18 терма жамоаси билан ўйнадик. Ҳар бир баҳс шогирдларимга тажрибали рақибларга қарши тўп тепиш учун яхши тажриба бўлди. Рақиб футболчилари жисмонан кучли бўлса-да, йигитлар ҳеч бир жабҳада уларга бўш келишмади. Аксинча, яхши ҳаракат қилишди. Албатта, бу бизнинг тўғри йўлда эканлигимизни кўрсатиб берди. Февраль ойидаги йиғин бизга узоқ давом этадиган мавсум олдидан жуда муҳим эди. Боиси, айнан шу пайтда футболчилар куч йиғиш билан банд бўлади. Ёзда ўз майдонимизда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги ва кузда ўтказилиши режалаштирилган Осиё ўйинларига ҳам тайёргарлик учун айни муддао бўлди.
– Туркия йиғинига жалб этилган футболчилар жамоанинг асосий таркиби дея оламизми?
– Балки асосий таркиб дейиш бироз ноўрин бўлар. Сабаби, шогирдларим доим ҳар хил спорт формасида бўлади. Лекин Олимпия терма жамоамиз асоси мана шу йигитлар ҳисобланади. Бундан ташқари, легионерлар ва Суперлиганинг бошқа клубларида ҳаракат қилаётган футболчиларимиз ҳам бор. "Олимпик" жамоасининг вазифаси - ёш футболчиларимизга ўйин амалиёти бериш ва уларни юқори даражага олиб чиқиш. Шунинг учун, барча шогирдларим қанча кучли ўйин кўрсатса, бу терма жамоамизга фойдали бўлади. Клубдаги ўйинлар орқали уларни олдимизда турган катта мусобақаларга техник, тактик, профессионаллик - умуман ҳар тарафдан тайёрлаяпмиз.
– Олдинда Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати, Хитойдаги Осиё ўйинлари, Суперлига ва Ўзбекистон кубоги баҳслари турибди. Бир йилда бу қадар жиддий мусобақалар жамоани қийнаб қўймайдими?
– Аввало, буни вақт кўрсатади. Бир нарсани аниқ биламан, биз катта тажрибага эга бўламиз. Йигитлар бу турнирлар орқали маҳорат, тажриба, куч тарафдан анча ўсиши тайин. Таркибимизда футболчилар сони етарлича ва уларнинг барчасига имкон берилади. Исталган мусобақада ўз олдимизга энг юқори мақсадларни қўйишимиз табиий. Аммо асосийси Париж Олимпиадасига йўлланма олиш. Бунинг учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз. Ўйлайманки, 2022 йил бу йўлда биз учун катта мактаб бўлади.
– Легионерларнинг кейинчалик жамоага қўшилиб кетиши қийин бўлмайдими? Ўзи қайси легионерларимизни таркибда кўришни истайсиз?
– Менимча, бу борада муаммо бўлмайди. Чунки улар аввал ҳам бу йигитлар билан бирга тўп тепишган. Биз уларга доим ишонч билдирамиз. Муаммо эса бошқа томондан - легионерларимизнинг сафимизга қай ҳолатда етиб келиши. Йигитлар нуфузли турнирлар олдидан ўтказиладиган йиғинимизга жалб этилади ва юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Хорижда ҳаракат қилаётган футболчиларимиз орасидан энг яхшиларини терма жамоага чақирамиз. Асосийси футболчилар Ўзбекистонга фойда келтирсин! Ҳар бир футболчи ўз даражасида ўйнаса, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қила олишига ишонаман. Исталган мураббий доим жамоасида энг кучли футболчилар бўлишини хоҳлайди. Жумладан, биз ҳам энг яхши ўйинчиларимиз маҳоратидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
– Жамоа учун яратилган шароитлар ҳақида нима дея оласиз?
– Биринчи навбатда, яратиб берилган шароитлар учун муҳтарам Президентимизга, қолаверса Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбариятига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Уларнинг ёрдами билан биз янада кучлироқ бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Туркияда ўтказган ўқув-машғулот йиғини футболчилар учун анча фойдали бўлди. Энди Ўзбекистон Суперлигасида ҳам муносиб иштирок этиб, билдирилган ишончни оқлашга, олдимизга қўйилган вазифани уддалашга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Бу борада қўллаб-қувватлаган барчага яна бир бор миннатдорчилик билдираман.
– Бу йил ҳисобидан йигитлар билан олдинга қўйилган минимум ва максимум вазифа қандай?
– Ўз олдимизга ҳар бир мусобақада максимум вазифани қўйганмиз. Буни шогирдларимдан қатъий талаб қиламан. Чунки ўсишга эришиш учун ҳар бир ўйинга ўзгача ёндашишимиз ва фақатгина чемпионлик учун майдонга тушишимиз лозим. Ўйлайманки, шогирдларим бунинг уддасидан чиқишади. Тўғри, бу футбол ва унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз эса ҳар бир баҳсдан ўзимиз учун керакли тажрибани йиғишга уринамиз. Ким билан ўйнашимиздан қатъи назар ғалаба учун майдонга тушамиз! “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ ва Россия Исроил ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги келишувда воситачи бўлади