19:38 / 16.03.2022
1 690

Моуриньо машҳур ҳужумчига қўнғироқ қилди. У Шомуродовнинг ўрнини эгаллайдими?

Моуриньо машҳур ҳужумчига қўнғироқ қилди. У Шомуродовнинг ўрнини эгаллайдими?
Ҳозирги таркиб билан юқори марраларни забт этишга қийналаётган Жозе Моуриньо “Рома”га катта клублар нонини еган машҳур ўйинчиларни таклиф қилишни давом эттирмоқда. Римликлар ёзги трансферлар вақтида “Арсенал” ҳужумчиси Александр Ляказеттга қизиқаётгани ҳақида хабар берган эдик. Жозе Моуриньо жамоаси ҳужумида Тэмми Абрахам билан бирга тажрибали форвард ўйнашини истаяпти.

Todofichajes.com сайтининг хабар беришича, Жозе Моуриньо “Арсенал”дан кетиш истагида юрган франциялик ҳужумчи билан боғланган. Норасмий суҳбатда Моуриньо Александр Ляказеттга уни “Рома”да бажарадиган вазифаси, унга яратиладиган шароитлар ҳақида маълумот бергани айтилмоқда.

Александр Ляказетт 2017 йили “Лион”дан “канонирлар” сафига 53 миллион евро эвазига трансфер қилинган. Унинг шартномаси жорий мавсум охирида якунланади. Лонлонликлар бош мураббийи Микель Артета 30 ёшли ҳужумчи билан ҳамкорликни давом эттирмоқчи эмас. Футболчининг ўзи ҳам муҳитни ўзгартириш учун Лондондан кетмоқчи бўляпти.

Франциялик форвард жорий мавсумда барча турнирларда 27 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига олтита гол ва саккизта ассист расмийлаштирди.

Ляказетт “Рома”га келадиган бўлса, Элдор Шомуродовнинг асосий таркибга кириши янада қийинлашади. Ўтган йили ёзда “Рома”га ўтганида асосий ҳужумчи ҳисобланган ҳамюртимиз кейинчалик ўз жойини Тэмми Абрахамга бўшатиб берди.

Ҳозир Жозе Моуриньонинг Элдорга нисбатан муносабати аввалгидек эмасдек кўринмоқда. Португалиялик мутахассис легионеримиздан кўра 18 ёшли Феликс Афена-Гьянга кўпроқ ишонч билдирмоқда. Айрим мухлису мутахассислар орасида Шомуродов мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун бошқа клубга ўтгани маъқул, деган қарашлар ҳам пайдо бўла бошлади.

Мхитарян “Рома” билан келиша олмаяпти

“Рома”да юқори савияда ўйнаётган Генрих Мхитаряннинг шартномаси якунланиш арафасида. Пойтахт клуби мутасаддилари дастлабки фикрини ўзгартириб, арманиятонлик плеймейкерга янги битим беришга қарор қилган.

Аввалроқ, “Рома” ярим ҳимоячи билан икки йиллик шартнома тузишни ҳозирги маошидан икки баравар камроқ пул тўлашини билдирган эди. Мхитарян айни пайтда бир мавсум учун 4 миллион евро маош олмоқда. Клуб бундан буёғига 2 миллион евро тўламоқчи. Бироқ, бу таклиф футболчини қониқтирмади.

Calciomercato сайтининг хабар беришича, 33 ёшли Генрих клубида яна икки йил қолишга рози. Бироқ, маош масаласида кўпроқ ҳай тўланишини талаб қилмоқда.

Арманистонлик футболчи 2019 йилдан бери Римда тўп тепмоқда. У жорий мавсумда барча турнирларда 34 маротаба майдонга тушиб, учта гол ва еттита ассист муаллифи бўлди.

Ҳаммаси ёзда ҳал бўлади

“Милан”да ижара асосида ўйнаётган 31 ёшли ярим ҳимоячи Аллесандро Флоренци ёзда ҳозирги жамоаси сафига тўлиқ кўчиб ўтишга тайёр эканини билдирди.

Sky Sport Italia нашрининг маълум қилишича, тажрибали футболчининг агенти Алессандро Луччи “Рома” ва “Милан” вакиллари билан фаол тарзда музокара олиб бормоқда ва имкон қадар тезроқ мижозининг Миланга тўлиқ кўчиб ўтишини таъминламоқчи.

- Ҳозир келажагим ҳақида ўйлаётганим йўқ. Ўз имкониятларимдан максимал даражада фойдаланиб, майдонда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Ҳаммаси июнда ҳал бўладиган кўринади, - дейди Алессандро Флоренцининг ўзи.

“Рома” ва “Милан” ўртасида имзоланган ижара шартномасига кўра, миланликларда футболчини ёзда трансфер қилиш ҳуқуқи бор. Бунинг учун улар пойтахтликларга 4,5 миллион евро бадал тўлаши керак. Бироқ, “Милан” бу суммани пасайтиришга ҳаракат қиляпти.

“Рома” тарбияланувчиси жорий мавсумда “Милан” учун 26 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо машҳур ҳужумчига қўнғироқ қилди. У Шомуродовнинг ўрнини эгаллайдими?