21:00 / 03.04.2022
1 201

Суперлига. Уларга чиқиш эшиклари кўрсатиладими?

Суперлига. Уларга чиқиш эшиклари кўрсатиладими?
Суперлигада дастлабки 4 та тур якунлангач, орада бироз танаффус юзага келди. Аниқроғи, энди орада Ўзбекистон Кубогининг гуруҳ баҳслари ўтказиб олинади. Шундан сўнг яна Суперлига давом эттирилади. Ҳозирча эса 4 та турдан кейин ўзига яраша хулосаларга эга бўляпмиз. Чемпионат аввалида клубларнинг имконияти борасида турли хил фикр ва мулоҳазалар билдирилганди. Турнир жадвалига қарасангиз, унда “Қизилқум” билан “Пахтакор” қўшҳокимликни ўрнатиб турганига гувоҳ бўласиз.

Биз бугунги мақола орқали кўпроқ аутсайдерлар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Доимгидек, мавсум бошида фаворитлар билан бир қаторда аутсайдерлар ким бўлиши мумкинлиги юзасидан ҳам ўзига яраша тахминлар билдирилган. Мана, эндиликда 4 турдан сўнг, мусобақа жадвалида ҳали ғалаба қозонмаган иккита клуб қолди. Булар – Термизнинг “Сурхон” жамоаси билан Самарқанднинг “Динамо” клуби. Айнан шу жамоалар турнир жадвалида охирги икки ўринни бўлишиб туришибди. “Сурхон”да 2, “Динамо”да эса 1 очко бор.

Энг қизиғи, чемпионат бошида кўпчилик томонидан айнан жон сақлаб қолиш учун курашадиган клублар орасида “Сурхон” билан “Динамо” кўпроқ тилга олинган. Албатта, тўйдан олдин ноғора чалиш яхши эмас. Биламиз, мавсум яқиндагина бошланди, бироқ билдирилаётган тахминлар бошиданоқ ростлигини кўрсатаётгандек. Бу йил чемпионатимизга янги хорижлик мутахассислар келганини ҳам биласиз. Айнан улардан икки нафари “Сурхон” билан “Динамо”да иш бошлашган.

Сербиялик мураббий Предраг Роган “Динамо” бошқарувини ўз қўлига олган чоғида илк интервьюсини Sports.uz сайти учун берганди. Ўшанда унинг режалари, мақсадлари ва қандай ўйин қурмоқчилиги ҳақида айтган гапларидан кейин “Динамо”дан бу йил кўп нарса кутганлар бўлди. Бунинг устига таркибда ҳам яхшигина ўзгаришларга қўл урилди. Про лигадан чиққанига қарамай, жиддий мақсадлар учун курашиш истаги юқорилигини бот-бот таъкидладилар.

Роган жамоаси илк турни Самарқандда “Пахтакор”га қарши ўтказди. Амалдаги чемпион дебютант устидан ғалаба қозонди ва буни кўпчилик кутилган натижа сифатида қабул қилди. Кейинги турда “Динамо” Жиззахда “Сўғдиёна” билан ўйнади. Унда ягона гол туфайли “Динамо” яна ютқазди. 3-турга келиб Роган жамоаси балки энди ўз майдонида “Қизилқум”ни мағлуб этади, деб ўйлашганди, маҳаллий мухлислар. Лекин амалда бундай бўлиб чиқмади. Иккита мағлубиятдан сўнг “Динамо” дастлабки очкосини қўлга киритди. Ўтган турда сербиялик мураббий Тошкентда “Бунёдкор” устидан ғалаба қозонишга астойдил ҳаракат қилди-ю, бироқ 0:1 ҳисобидаги ғалабаси якунда 2:1 кўринишидаги мағлубиятга айланиб қолди. Натижада “Динамо” янги мураббийи бошчилигида ғалабасиз сериясини давом эттиряпти.

Клубнинг Кубок баҳсларида қандай вазифа қўйилгани ҳозирча бизга мавҳум. Лекин Роган биринчи навбатда чемпионатда тезроқ ғалабасини бошлаб, жамоасининг мавқеини кўтариш ҳақида ўйлаётган бўлса ажаб эмас.

Анхель Лопес устозлик қилаётган “Сурхон”га келадиган бўлсак, испаниялик мутахассис Рогандан фарқли равишда янги жамоасидаги ишини мавсум бошланишига 20 кунча қолганида бошлаган. Предраг эса қишки йиғин бошиданоқ “Динамо”ни ўзи шуғуллантиришга киришган. Лопес “Сурхон”да ўзининг ўйин услубини жорий қилишга ҳаракат қиляпти. Термиз клуби уй стадионининг таъмирланаётгани боис рақибларини Термизда қабул қилмаяпти. Айнан Самарқандда “Динамо”нинг уй стадионидан фойдаланяпти. “Сурхон” биринчи турда Тошкентда “Олимпик” билан дуранг ўйнади. 2-турда “Навбаҳор”га 1:2 ҳисобида ютқазди. Кейин Бекободда “Металлург” билан голсиз дуранг ўйнаган бўлса, охирги турда Самарқандда АГМКга ҳам 1:2 натижаси билан ютқазиб қўйди. Шундай қилиб, “Сурхон” ҳисобида ҳозирча 2 та очко бор, аммо ғалаба йўқ.

Барибир ушбу иккала клуб ҳалигача ғалаба қозона олмаяптими, демак уларга нимадир етишмаяпти. Хорижлик мутахассисларни бу ерга шунчаки таклиф қилишмаган. Жамоа раҳбарлари ва мухлисларига ғалабасиз сериялар ёқмаслиги аниқ. Аммо “Динамо” билан “Сурхон”да бу борада қандай позицияда бўлишяпти? Роган билан Лопеснинг клубларида узоқ ишлашлари албатта қайд этадиган натижаларига боғлиқ. Аммо шу ҳолат давом этаверадиган бўлса, уларга чиқиш эшиклари кўрсатиладими? Балки Кубокдаги ғалабалар уларни қутқариб қоладими? Буни вақт кўрсатади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлига. Уларга чиқиш эшиклари кўрсатиладими?