Ҳозир “Пахтакор“ ўз гуруҳида сўнгги ўринда бормоқда. Аммо кейинги босқичга чиқиш имкониятини бой берганича йўқ. Хўш, пойтахтликлар икки тур давомида барчасини остин-устун қилиб ташлайдими? Гуруҳдан чиқишнинг имкони борми? Математикани бошлаймиз.
Бугунги ҳолат
Афсуски, вазият анча оғир. Кетма-кет мағлубиятлар сабабли “Пахтакор“ ОАВ томонидан кескин танқид қилинди. Бу “шерлар"нинг руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатгани бор гап. Футболчилар яхши ўйнаган баҳсларда ҳам мағлубиятга учрагани учун енгил шок ҳолатидан чиқиб кета олганича йўқ. “Ал-Таъавун“ билан ўйиндан сўнг ҳаммаси изига тушиб кетгандек кўринган эди. Лекин Эдмилсоннинг хет-триги ҳаммасини барбод қилди. Жавоб ўйинида бразилияликни қўриқлаган “шерлар“ бошқа "зона"ларни очиқ қолдирди. Қарабсизки, яна омадсизлик. Ҳозир амалдаги Ўзбекистон чемпиони учун руҳий ҳолатни ўнглаб олиш энг муҳими.
“Пахтакор“да класс, йўлга қўйилган ўйин ва яхши савиядаги ижрочилар бор. Жамоа устунликларини бир муштга жамлаб, 5-турда 3 очко олиши шарт. “Сепахон“дан олинган очко, руҳий ҳолатни яхшиланиши ва сўнгги ўйинни “жанг“га айлантириш имконини беради. Хўш, гуруҳ жадвали қандай? Неча очко “шерлар“ни плей-оффга олиб чиқади?
22 апрель
“Сепахон“ - “Пахтакор“;
“Ал-Таъавун“ - “Ал-Дуҳаил“.
27 апрель
“Пахтакор“ - “Ал-Таъавун“;
“Ал-Дуҳаил“ - “Сепахон“.
Афсуски, ҳозир “шерлар“нинг квартетда иккинчи поғонани забт этиши тўлиқ ўзига боғлиқ эмас. Бироз математикага мурожаат этиш керак...
Агар форслардан 3 очко олинса, ҳаммаси пойтахтликлар фойдасига ҳал бўлиши учун “Ал-Дуҳаил“ Саудия Арабистони клуби устидан ғалаба қозониши шарт. Ана шунда “Ал-Таъавун“да 7, “Пахтакор“да 6 очко бўлади. Сўнгги турда эса “шерлар“ Саудия клубини енгса, 9 очко билан гуруҳда иккинчи поғонани банд этади. Бу чигал вазиятда қолган “Пахтакор“ учун энг идеал ечим. Гап шундаки, агар “Ал-Таъавун“ “Ал-Дуҳаил“ устидан ғалаба қозонса, 6-турда “шерлар“ “Сепахон“ “Ал-Дуҳаил“дан очко олиб беришига умид қилишга мажбур бўлади. Яъни, Войнески шогирдлари 6 очко жамғариб ҳам иккинчи поғонага кўтарила олмайди.
ОФК регламентига кўра, очколар тенг келиб қолган пайтда ўзаро ўйинлар биринчи планга кўтарилади. Шундай экан, 5-турда “шерлар“ ғалаба қозонибгина қолмай, “Ал-Дуҳаил“нинг саудияликларни мағлуб этишини ҳам кутиши шарт. Афсуски, барчаси бизни режа асосида кетганида ҳам якунда плей-оффсиз қолиб кетишимиз ҳеч гап эмас. 2-поғонани эгаллаган ҳамма клублар ҳам кейинги босқич йўлланмасига эга бўлмайди. 5 та квартетдаги энг яхши очко жамғарган 3 жамоа турнирдаги юришини давом эттиради. Демак, буёғига “Пахтакор“га 6 очко билан биргаликда бошқа деталлар ҳам ёрдам беришидан умид қиламиз.
Олдиндаги икки ўйин даражаси
Афсуски, бу ўйинларда “Пахтакор“га Драган Черан ёрдам бера олмайди. Унинг йўқлиги боис майдон марказидаги айрим "трюк"лардан воз кечиш, имкон қадар мобилроқ ҳаракат қилиш вазифаси марказ аъзоларига тушади. Икром Алибоев сербиялик футболчи ўрнини эгалласа, олдинда Шаркич “Пахтакор“га бекорга таклиф этилмаганини исботлаши шарт. Славче Войнески мана энди катта саҳнага чиқиши ва “фишка“ларини (улар бўлса, албатта) ишга солиши керак. Ҳозир “Пахтакор“ ҳаммасини ўз бўйнига олишга тайёр халоскорга жуда ҳам муҳтож.
У мураббий ёки майдондаги футболчи бўладими, фарқи йўқ. Асосийси, клуб масъулиятни бўйнига оладиган довюрак инсонга жуда ҳам муҳтож. “Оғир замонлар кучли инсонларни яратади“ деган ибора бор. Ҳозир жамоа учун осон бўлмаган давр. Бундай вазиятда мухлислар суянган Черан жароҳат олди. Янги қаҳрамон катта саҳнага кўтарилмаса, тошкентликлар қолган икки ўйинда ҳам мағлубиятга учраши ҳеч гап эмас.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Анчелотти: “Реал”да катта хатога йўл қўйдим. Бу менга катта дарс бўлди