date
views 6 341

Арманилар ишлаб чиқарган илк смартфонлар 6 июнь куни сотувга чиқарилади

Арманилар ишлаб чиқарган илк смартфонлар 6 июнь куни сотувга чиқарилади

Арманистонда илк планшетлар ҳамда смартфонлар ишлаб чиқариш ва тайёрлаш билан шуғулланаётган Technology and Science Dynamics компанияси ўзининг илк маҳсулотлари бўлмиш ArmPhone смартфонларини 6 июндан сотувга чиқариши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда "Кун" нашри хабар бермоқда.

Қайд этилишича, харидорларга 5та моделдаги маҳсулотлар (ArmPhone 0502, ArmPhone 0505, ArmPhone 0508, ArmPhone 0509 ва ArmPhone 0520 номларидаги бешта смартфон) тақдим этилади.

"Армани маҳсулотлари даври келди" шиори остида биз илк армани телефонларини тақдим этамиз. Улар ўз дизайни ва қулайликлари билан энг талабчан харидорнинг ҳам талабларини қондира олади", дейилган компания хабарида.

TSD раҳбарияти ёш арман мутахассислари томонидан яратилган қурилмалар дунёдаги етакчи брендларнинг маҳсулотларидан қолишмаслигини таъкидлаган.

"Бундан ташқари, ArmPhone смартфонларида арманистонлик машҳур композиторларнинг асарлари замонавий рингтонлар кўринишида жойлаштирилган", деб қўшимча қилинади компания хабарида.

Қурилмалар дисплейининг диагонали 4,5 дан 5,1 дюйм (1 920 х 1 080) орасида. Катта модель 32 гигабайт ички хотира, 3 гигабайт тезкор хотира, СД-карт учун слот ва 1,3 Гигагерс частотада ишловчи саккиз ядроли процессорга, кичик модель эса 8 гигабайт ички хотира, СД-карт учун слот ва 1 гигабайт тезкор хотирага эга.

Смартфонларнинг катта модели, шунингдек, бармоқ изини аниқловчи сканер ҳамда 13 мегапиксел ва 8 мегапикселли икки камерага эга. Кичигида 5 ва 2 мегапикселли камералар мавжуд.

Смартфонларнинг нархи маълум қилинмаган.

2013 йилнинг декабрида арманиларнинг илк смартфонлари 2014 йилда чиқарилиши ҳақида маълум қилинганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Арманилар ишлаб чиқарган илк смартфонлар 6 июнь куни сотувга чиқарилади