Twitter ижтимоий тармоғи бутун дунёга таниш бўлиб қолган кўк қушча кўринишидаги логотипни Dogecoin криптовалютаси рамзи бўлмиш ит суратига ўзгартирди.
Логотипдаги бу ўзгариш доимийми ёки вақтинчами, ҳозирча маълум эмас, ижтимоий тармоқ эгаси Илон Маскнинг ўзи бу мавзуга изоҳ бермаяпти.
Ўзгаришдан сўнг Binance биржасида Dogecoin криптовалютаси нархи 30 фоизга ошди.
Илон Маск Dogecoin криптовалютасини оммалаштиришдан чарчамаяпти. Икки йил олдин, у Ойга криптовалютани юборишга ваъда берди ва 2022 йил май ойида у SpaceX компанияси Dogecoin билан тўланган сунъий йўлдошни Ойга учиришни режалаштираётганини эълон қилди. Бундан ташқари, Илон Маск эгалик қиладиган Tesla компанияси ўзининг айрим маҳсулотлари учун тўлов сифатида Dogecoin криптовалютасини қабул қилишга тайёрлиги ҳақида баёнот берган эди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг