Италия компанияси томонидан Ўзбекистонда технологиялар трансферини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга 1 миллион евродан ортиқ сармоя киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 24 апрель куни Иннопром-2023 доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги кўмагида Illogic (Италия) ва Mind as Engine (Ўзбекистон) ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Мазкур ҳамкорлик битими саноатнинг самарадорлиги ва хавфсизлигини оширишга қаратилган.
MyDigitalHelmet – дастурий-аппарат мажмуаси, видео ва аудиоконтент оқимидан фойдаланган ҳолда операторларга масофавий ёрдам кўрсатиш имконини берувчи ақлли дубулға ҳисобланади. Қурилма ходимларни масофавий малака марказига улайди ҳамда уларга реал вақт режимида ахборот алмашиш имконини беради.
Бундан ташқари, ҳамкорликнинг асосий мақсадлари технологиялар трансферини амалга ошириш, сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва MyDigitalHelmet жорий қилиш ва уни Марказий Осиё бозорига татбиқ этишдан иборат. Mind as Engine бошқаруви раиси Элмурод Расулмуҳамедовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда технологиялар трансферини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга 1 миллион евродан ортиқ сармоя киритиш режалаштирилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг