IBM корпорацияси сунъий интеллект билан алмаштирилиши мумкин бўлган лавозимларга янги ходимларни ёллашни қисқартиради, деди унинг раҳбари Арвинд Кришна. Унинг сўзларига кўра, гап 7800 иш ўрни ҳақида кетмоқда.
Компютер техникаси ва дастурий таъминоти бўйича дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Американинг International Business Machines (IBM) корпорацияси сунъий интеллект (СИ) ёрдамида ушбу турдаги фаолиятни амалга ошириш имконияти туфайли айрим лавозимларга ходимларни ёллашни қисқартиришни режалаштирмоқда. Гуруҳ бош директори Арвинд Кришна яқин беш йил ичида бир қатор соҳаларда, хусусан, ходимларни бошқариш соҳасида иш ўринларининг учдан бир қисми сунъий интеллект ва автоматлаштириш билан алмаштирилишини кутмоқда. Гап 7800 та позиция ҳақида бормоқда. Бу ҳақда у 1 май, душанба куни эълон қилинган Bloomberg агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
Шу муносабат билан, Кришнанинг сўзларига кўра, IBM мижозлар билан тўғридан тўғри алоқада бўлмаган айрим бўлинмаларда янги ходимларни ишга олишдан қисман ёки тўлиқ бош тортади. Ҳозирда корпорациянинг ушбу соҳаларида 26 мингга яқин киши меҳнат қилмоқда, деди у. Дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва мижозлар билан ишлаш бўлимларида янги ходимларни ишга олиш давом этади. Корпорацияда жами 260 мингга яқин ходим ишлайди.
Айни пайтда асосий эътибор ChatGPT'га - диалоглар ўтказиш ва реал матнларни яратиш мумкин бўлган сунъий интеллектга асосланган матн дастурига, унинг рақобатчиси Bard'га, шунингдек, сунъий интеллектга матн тавсифлари асосида тасвирлар яратишга имкон берувчи дастурларга қаратилган. Мутахассислар огоҳлантиришича, сунъий интеллектнинг афзалликлари билан бир қаторда ундан фойдаланиш ўта хавфли бўлиши мумкин, хусусан, у нотўғри маълумотларни яратиши ва тарқатиб юбориши эҳтимолдан йироқ эмас.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг