Ўзбекистон сунъий интеллект, кибернетика, технология соҳаларида Эрон билан тажриба алмашади
Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, президентлар тор доирадаги учрашув якунларини юқори баҳолади ҳамда куни кеча Ўзбекистон ва Эрондан 200 нафардан зиёд тадбиркорлар иштирокида ўтган бизнес-форум натижаларини олқишлади. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида конструктив мулоқот ва парламентларимиз ўртасида яқин ҳамкорлик олиб борилаётгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий соҳада ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани кузатилмоқда. Мамлакатларнинг транспорт-транзит коммуникацияларидан фойдаланишни кенгайтириш ишбилармонлик алоқаларининг фаоллашиши ва юк ташишларнинг ортишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Инновациялар, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, кибернетика, технологиялар трансфери каби соҳаларда тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди. Ҳудудлараро ҳамкорлик ривожланаётгани, жумладан, Бухоро вилояти ва Ҳамадон устони, Самарқанд ва Исфахон шаҳарлари ўртасида тўғридан тўғри алоқалар ўрнатилаётгани қўллаб-қувватланди.
Икки мамлакат пойтахтлари ўртасидаги мунтазам авиақатновларнинг кўпайиши ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилишига ишонч билдирилди. Маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси фондларида сақланаётган қадимги қўлёзмаларни чуқур ўрганиш учун қўшма илмий гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини жорий қилиш бўйича топшириқ берди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг