TikTok фойдаланувчиларга 15 дақиқалик видеоларни юклаш имкониятини беришни синовдан ўтказа бошлади. Компания танлаб олинган ҳудудларда чекланган фойдаланувчилар гуруҳи ўртасида синов ўтказмоқда. Янги вариант иловадаги видео давомийлигини 10 дақиқадан 15 дақиқагача оширади.
Ўзгаришлар ҳақида биринчи бўлиб ижтимоий тармоқ эксперти Мэтт Наварра хабар берди. Унинг скриншоти шуни кўрсатадики, TikTok фойдаланувчилари илова ёки иш столи версияси орқали платформага узунроқ видеоларни юклаши мумкин.
TikTok энг машҳур қисқа видео платформаси сифатида шуҳрат қозонганди, аммо вақт ўтиши билан хизмат узоқроқ форматларни ўзлаштира бошлади. Дастлаб компания 15 сонияли видеоларга рухсат берди, кейинчалик уларнинг узунлиги 60 сонияга етказилди. Феврал ойида компания видеонинг максимал узунлигини 3 дақиқадан 10 дақиқагача оширди.
Узоқ давом этадиган видеолар фойдаланувчиларга овқат рецептлари, гўзаллик блоглари, таълим ва комедия мазмунидаги контентларда асқотиши мумкин. Ҳозир агар видео 10 дақиқадан узоқроқ бўлса, ижодкорлар томошабинларни видеонинг иккинчи қисмига йўналтиради. Энди муаллифлар фойдаланувчиларга намойиш қилиш учун бир қанча видеони яратиши шарт эмас.
Эълон қилинган ўзгариш TikTok платформасини YouTube билан рақобатини янада оширади. Ушбу янгилик билан TikTok одатда YouTube тармоғида контент жойлаштирадиган видео муаллифларини жалб қилмоқчи эканини кўрсатади.
Аввалроқ, Google видеохостинги ҳам YouTube Shorts қисқа видеолар бўлимини ишга туширган эди. Кейин TikTok горизонтал тўлиқ экран режимини синовдан ўтказишни бошлади. Натижада, сўнгги бир неча йил ичида икки компания ўртасидаги фарқлар деярли йўқолди.
Эҳтимол, узун видеолар TikTokда унчалик қизиқиш уйғотмаслиги мумкин. Чунки одамлар айнан қисқа видеолар учун платформага оқиб келган. Ҳозирча, компания барча фойдаланувчиларга узун видеоларни жойлаштириш имкониятини жорий этиш режаларини эълон қилмади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг