Cybertruck пикапи
Tesla Шимолий Америкада ўзининг Cybertruck пикапини сотишни бошлади, деб эълон қилди компания раҳбари Илон Маск.
Электропикапнинг энг арзон версияси 60 990 доллар туради, бу 2019 йилда ваъда қилинган 40 000 доллардан сезиларли даражада кўп, дея қайд этди Reuters. Пикапнинг энг кучли версияси — Cyberbeast, шунингдек, тўлиқ приводга эга версиялари 2024 йилдан бошлаб мос равишда 100 000 ва 80 000 долларлик бошланғич нархларда харидорларга тақдим этилади.
“Cybertruck аллақачон Шимолий Америкадаги Tesla дўконларига йўл олган”, — деб ёзганди Илон Маск ўтган ҳафта Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. Компания маълумотларига кўра, машина 1,5 тоннадан ортиқ юкни ташишга қодир. 2,9 сонияда 96 км/соат тезликка чиқади ва бир марта заряд қилинганида 800 километргача юради.
Tesla Cybertruck учун 2 миллионта олдиндан буюртма олган
Cybertruck — бу Tesla’нинг деярли тўрт йил ичида чиқарган илк янги модели.
“Cybertruck билан ўзимизга қабр қазидик”, — деб тан олган Маскнинг ўзи савдо бошланишидан бир неча кун олдин. У пикап сотуви даромад келтиргунга қадар бир йилдан 18 ойгача вақт керак бўлишини тушунтирди.
Аввалроқ Маск Tesla 2025 йилда йилига 250 000 та пикап ишлаб чиқариш қувватига етиши мумкинлигини маълум қилганди, деб ёзади Reuters. Cybertruck буюртмалари аллақачон 2 миллионтага етди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг