Meta Platforms ўсмирларнинг Instagram ва Facebook аккаунтларини зарарли контентдан, жумладан, ўз аъзоларига зарар етказиш, зўравонлик тасвирлари ва овқатланишнинг бузилиши ҳақидаги видео ва постлардан автоматик равишда чеклашни режалаштирмоқда. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, ўзгаришлар яқин ҳафталарда кучга киради.
Бу технология гигантининг ижтимоий медиа сайтларида ёш фойдаланувчиларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш бўйича жорий қилган энг катта ўзгаришлардир. Аввалроқ, Қўшма Штатларнинг 40 дан ортиқ штати Meta компаниясини ёшлар учун хавф туғдириши мумкин бўлган контент ҳақида жамоатчиликни чалғитгани бўйича судга берган эди. Ўзгаришлар айнан шундан кейин жорий қилинмоқда.
18 ёшгача бўлган фойдаланувчи аккаунти, рўйхатдан ўтиш пайтида киритилган туғилган сана асосида автоматик равишда энг чекловчи контент созламаларига жойлаштирилади. 16 ёшгача бўлган ўсмирларга шаҳвоний мазмундаги контент кўрсатилмайди. Илгари ўсмирлар камроқ чекловли созламаларни танлаши мумкин эди. Аммо энди ёш фойдаланувчилар ушбу янги созламалардан воз кеча олмайди.
Meta ўсмирлар учун қайси турдаги контент мос келмаслигини аниқлаш учун ўсмирлар ривожланиши бўйича мутахассислар билан маслаҳатлашганини таъкидламоқда.
Meta баёнотига кўра, унинг алгоритмлари аллақачон ўзининг Video Reels and Explore саҳифасида ўсмирларга зарарли контентни тавсия қилишдан қочмоқда. Янги ўзгаришлар туфайли бундай контент энди ўсмирларга ўз тасмаларида ва ҳикояларида кўрсатилмайди.
Ўзгаришлар шу ҳафтадан бошлаб автоматик равишда ўсмирлар аккаунтида қўлланиши кутилмоқда. Янги яратилган ўсмир аккаунтлари ҳам ёшига мос контент билан чекланади.
Ўсмирлар ўз жонига қасд қилиш, ўз аъзоларига зарар етказиш ва овқатланиш бузилиши билан боғлиқ сўзларни қидирганда, Instagram ва Facebook бунга тааллуқли натижаларни яширади ва ўсмирларга ёрдам берувчи мутахассислар манбаларига йўналтиради.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг