Telegram бир қатор функцияларни янгилади, эндиликда фойдаланувчилар бир марталик овозли ва видеохабарлар юбориши мумкин. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Бундай овозли ва видеохабарлар тинглангандан сўнг дарҳол ёзишмалардан ўчиб кетади. Шунингдек, фойдаланувчилар видео ёки аудиохабарларни ёзиб олиш вақтида паузага қўйиши, кейин юборишдан олдин уни давом эттириш имкониятига эга бўлади. Ушбу янгилик илованинг янгиланган версиясида мавжуд.
Декабрь ойи охирида Telegram қўнғироқларга янги анимациялар ва рангли фон қўшганди, улар босқичга қараб ўзгаради: қўнғироқ пайтида, суҳбат давомида ва мулоқот тугаганидан кейин. Бундан ташқари, мессенжер ботларни яратиш учун бепул платформасини такомиллаштирди, бу эса ишлаб чиқувчиларга оддий чатботларни ҳам, мини-иловаларни ҳам илованинг экотизимига киритишга имкон берди. Мисол учун, ботлар хабарларга реакциялар юбориши, реакциялар, афоризмлар ва ҳаволаларни бошқариши ҳамда бошқа чатларга жавоб бериши мумкин.