2024 йил 11 январ Дубайда “Huawei Seeds for the Future 2023” таълим дастури доирасида “Tech4Good” глобал танлови ўтказилди. Танлов Жазоир, Сингапур, Италия, Чили, БАА, Колумбия, Германия, Ўзбекистон, Бразилия ва Намибиядан талабалар жамоаси иштирокида ўтган. Унда ўзбекистонлик 8 нафар талабадан иборат “Techno Mind” жамоаси “Aquatibia” лойиҳаси билан иштирок этиб, 2-ўринни эгаллашди ва “Silver Award” мукофотини қўлга киритди.
Жамоа “Янги Ўзбекистон” университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Амити университети ва Кимё халқаро университети талабаларидан тузилган.
“Aquatibia” лойиҳаси қишлоқ хўжалиги учун рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда сув ва тупроқдаги туз ва оғир металларни камайтириш учун лигнин асосидаги инновацион филтрга эга бўлган интеграциялашган сув филтрлаш тизимидир.
Бу тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш чиқиндиларнинг минимал даражасига эришиш, очарчиликни бартараф этиш (БРМ2) ва тоза сув ҳамда санитария (БРМ6) каби муҳим барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш атроф-муҳитга, қишлоқ хўжалигига, тупроқ сифатига ва ҳудудларда турмуш шароитини яхшилашга катта таъсир кўрсатади. Ва бир вақтнинг ўзида иккита асосий муаммони: биологик чиқиндиларни қайта ишлатиш, суғориш сувларини тузлар ва оғир металлардан филтрлаш ишларини ҳал этиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг