Президент имзолаган «Адолатли судлов – 2030» стратегияси нималарни ўзгартиради?

Президент фармони билан Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини трансформация қилишга қаратилган «Адолатли судлов – 2030» стратегияси тасдиқланди. Стратегия 2030 йилгача суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган 6 та устувор йўналишни белгилайди.
Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан трансформация қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя этишга қаратилган тарихий ҳужжат имзоланди. Президент фармони билан мамлакатда инсон қадрини улуғлайдиган халқчил ва холис тизимни барпо этишга йўналтирилган «Адолатли судлов – 2030» стратегияси расман тасдиқланди.
Ушбу концептуал ҳужжат «Судлар — халқчил ва адолатли одил судлов таянчи ҳамда Янги Ўзбекистон ҳақиқат устуни» деган эзгу шиор остида ишлаб чиқилган бўлиб, суд ҳокимиятининг мутлақ мустақиллиги ва очиқлигини таъминлашни мақсад қилади.
2030 йилгача бўлган ислоҳотларнинг 6 та асосий устуни
Стратегияга мувофиқ, тизимни янгилаш ва аҳоли ишончини мустаҳкамлаш қуйидаги олтита устувор йўналиш бўйича амалга оширилади:
1. «Халқ суди»: Суд ҳокимияти фаолиятида тўлиқ очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ортиқча бюрократиядан холи қулай тизим яратиш;
2. «Адолат қўрғони»: Ҳар қандай ташқи босим, таъсир ва аралашувлардан мутлақо холи, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига таянадиган мустақил одил судлов институтини шакллантириш;
3. «Кафолатланган адолат»: Чихқарилган ҳар бир қарорнинг қонуний, адолатли ва асосли бўлишини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тўлиқ тиклаш кафолатларини кучайтириш;
4. «Адолат посбонлари»: Юксак ахлоқий, маънавий ва профессионал малакага эга бўлган, пок ва ҳалол судьялар корпусини тарбиялаш ҳамда шакллантириш;
5. «Рақамли адлия»: Суд ишларини юритиш жараёнларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологияларни судлов тизимига кенг татбиқ этиш;
6. «Халқаро эътироф»: Одил судлов ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг илғор халқаро стандартлар ҳамда конвенциялар талабларини миллий қонунчилик ва амалиётга интеграция қилиш.
Мазкур кенг кўламли стратегия Ўзбекистон суд тизимини жазоловчи орган эмас, балки ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи ҳақиқий адолат масканига айлантиришга хизмат қилади.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…