17:18 / 09.10.2024
41

Учар таксилар эраси. Афсоналар реалликка айланишни бошлади...

Учар таксилар эраси. Афсоналар реалликка айланишни бошлади...
Фото: Getty Images
Американинг ихчам самолётлар ишлаб чиқарувчи Joby Aviation компанияси 2025 йил охиригача Ню-Йорк ва Лос-Анжелесда “ҳаво таксиси”ни ишга туширишни режалаштиряпти. Бу ҳақда Business Insider хабар берди.

Инновацион ихтиро автомобиллар ва вертолётларга муқобил сифатида кўриляпти. Joby Aviation мазкур лойиҳа учун Tayota, Delta Airlines ва Uber’дан катта миқдорда сармоя жалб қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, саёҳат нархи Uber Black тарифи даражасида бўлади – тахминан 100−200 доллар. Кейинчалик бу Uber XL тарифи нархларига тушиши мумкин – 50-100 доллар.

eVTOL Joby’нинг асосий афзалликларидан бири унинг паст шовқин даражасидир. Компания бош директори Жобен Бевиртнинг таъкидлашича, 500 метр баландликда қурилмадан чиқадиган овоз дарахтлардаги шамол овозига ўхшайди. NASA парвознинг шовқин даражасини атиги 45,2 децибел деб қайд этди, бу музлаткичнинг овозидан ҳам сокинроқ.

Аввалроқ, Joby Aviation Жанубий Корея ҳукумати билан ҳамкорликда одамларнинг тирбанд шаҳарлар бўйлаб ҳаракатланишини осонлаштиришга қаратилган концепция устида ишлаётгани хабар қилинганди. Электрда ҳаракатланадиган учар такси 4 нафар йўловчи ва 1 нафар учувчи сиғимига эга бўлиши, соатига 321 км тезликда ҳаракатлана олиши ва оддий вертолётга қараганда 100 мартагача шовқинсизроқ бўлиши хабар қилинганди.

Шунингдек, Joby Aviation Дубайда ҳам ҳаво таксисини ишга тушириш бўйича шартнома тузган. Ушбу хизмат 2026 йилгача ишга туширилиши режалаштирилган. Қайд этилишича, биринчи босқичда 4 та вертипорт очилади: шаҳар аэропорти, Палм-Жумейра, Дубай Марина ва шаҳар марказида. Учар такси хизмати ишга туширилгач, Палм-Жумейрадан аэропортгача бўлган йўл вақти 45 дақиқадан 10 дақиқагача қисқариши мумкин.

Учар таксилар замони бошланяптими?

Яқин орада шаҳарлараро саёҳатларга кетадиган вақт 75 фоизга қисқариши мумкин. Бу — вертикал учиш ва қўниш самолётлари (VTOL — инглизча қисқартмаси) орқали реалликка айланади. Улар вертолётларга ўхшаб кетади, бироқ қанотлари вертолётникидан бошқача. Яна VTOL’лар учиши ва қўниши учун махсус йўлаклар шарт эмас. Ўз номи билан улар қўниш майдончаларисиз вертикалига уча олади ва қўнади.

VTOL’лар тирбанд шаҳарларда йўловчиларни турли манзилларга ташиши, тез ёрдам машинаси ёки етказиб бериш хизмати учун транспорт вазифасини бажариши мумкин.

Учар машиналар — VTOL’лардан фойдаланиш бошқа транспортларга қараганда арзонроқ тушади. Қолаверса, бу транспорт воситаси табиатга зарари нисбатан камроқ ҳам. Сабаби унинг ҳаракатланиши учун электр батареялардан ёки водород каби тоза ёқилғилардан фойдаланилади.

VTOL’лар қандай ҳаракатланади?

VTOL’лардан ҳар қандай ҳудудда фойдаланиш мумкин, лекин алоҳида йўлак талаб қилинмаслиги сабабли улар, айниқса, шаҳар ҳудудларига мос келади. АҚШнинг Aurelia Aerospace компанияси маълумотларига кўра, VTOL’ларнинг қанотлари вертолётларникидан бошқачароқ экани сабабли улар узоқроқ ва баландроқ уча олади. Масалан, компаниянинг Aurelia Q1 моделидаги “учар машина” 2,5 соатгача ва 20 км баландликкача уча олади.

Европа Иттифоқи Авиация хавфсизлик агентлиги маълумотига кўра, юк ташишга мўлжалланган VTOL’лар учувчисиз ҳаракатланиши эҳтимоли кўп. Бироқ одам ташийдиганларини учувчилар бошқариши кутилмоқда. Лекин технологиялар тараққий этавергани сайин йўловчи ташишга ихтисослашган VTOL’лар ҳам учувчисиз ҳаракатланиши ҳеч гап эмас. Улар автоматлаштирилган тарзда бошқарилади.

АҚШнинг Boeing компанияси шаҳар ҳаво транспортига оид йўл харитасини эълон қилган. Компанияга кўра, VTOL’ларнинг юк ҳажми кўпайиб кетмаслиги учун улар учувчисиз ҳаракатлангани маъқулроқ.

Янги авлод VTOL’лари учун поезд, автобус ва аэропорт каби анъанавий транспорт воситалари билан боғланиш имконини берувчи махсус транспорт марказлари керак бўлади. Бундай марказлар “вертипортлар” деб аталади. Дунёда биринчи вертипорт сифатида аталаётган лойиҳа Буюк Британиянинг Ковентри шаҳрида 2022 йилнинг ёзида синовдан ўтказилганди. Лойиҳа шаҳар консуллиги ва Urban-Air Port компанияси ҳамкорлигида амалга оширилган.

Ихчам самолёт, Joby Aviation компанияси, Ҳаво таксиси, Vtol

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Учар таксилар эраси. Афсоналар реалликка айланишни бошлади...