23:41 / 02.10.2016
7 864

Интернетда сизни қандай алдашяпти? Ҳаммаси ҳақида очиқ-ойдин

Интернетда сизни қандай алдашяпти? Ҳаммаси ҳақида очиқ-ойдин

Яқинда интернетнинг кўнгилочар сегментида бир хабар жуда оммалашди: “Эркаклар етишмаётганлиги сабабли исландиялик аёлларга уйланган муҳожирларга ойига 5000 доллардан тўланади”. Бир қарашда жуда қизиқ, бирданига ўзига тортувчи хабар. Хабар ортидан Исландияга қизиқувчилар, элчихонасини суриштирувчилар кўпайди.

Хабар матнида ушбу янгилик манбаси Sunday Adelaja’нинг блоги эканлиги айтилган. Африкалик пастор, насоро даъватчисининг блогида ҳақиқатан ҳам бу хабар чоп этилган. Лекин биронта ҳам расмий ёки норасмий манбага ишора қилинмаган.

Бу оддийгина фейк — уйдирма (таҳририят қўшимчаси) хабар. Интернет маркетингининг яққол намунаси: одамларга қизиқарли бўлган ёлғон хабар тарқатиш орқали кирувчилар сонини ошириш.

Куни кеча Россия манбаларидан бирида хабар чиқди: “Ўзбекистонда пахта мавсумида уйланиш тақиқланди”. Қаердан келиб чиқди бу? Бирон расмий ҳужжат борми? Йўқ, албатта. Бу янгилик ҳам навбатдаги ахборий тўполон пайтида очко ишлаб олиш, холос.

Ўтган йиллари КХДР билан боғлиқ бир қанча хабарлар тарқатилди: “КХДР мудофаа вазири мажлисда ухлаб қолгани учун зенит ракетаси орқали ўққа тутиб, ўлдирилди”; “Ким Чен Ин ўз “севгилиси” бўлган қўшиқчини ўн нафар созандаси билан пулеметдан ўққа тутди”; “Ким Чен Ин ўз тоғасини пулемётдан ўққа тутиб ўлдирди”; “Ким Чен Ин жамоат хавфсизлиги вазирини оловотар билан тириклигича ёқди” ва ҳ. Бу хабарлар Россиянинг расмий ва оммабоп ахборот воситаларида чоп этилгандан сўнг ўзбек сегментига ҳам кўчиб ўтди. Кўпчилик ўз ҳаяжонини яшира олмади.

Кейинчалик ишончли ахборот манбалари орқали ўлиб кетган марҳумлар кўриниш бера бошлади. Қандай қилиб? Шимол ва Жануб корейс ахборот тўқнашувида юқоридагидек фейк хабарлар тафсилотлари билан тарқатилади, шов-шувга ўч бошқа ахборот воситалари ҳам ушбу янгиликларни шундайича оммага тақдим қилаверади. Бу ҳам янгиликлар маркетингининг бир тури.

Яна юқоридаги мақолга қайтамиз. Бундан 13 йил аввал яхшигина жойда ишлайдиган бир дўстим қўнғироқ қилиб қолди: “Ўртоқ, телефонда гаплашиб бўлмайдиган нозик масала бор. Ишдан кетмоқчиман…”

Кўришдик. Вазиятни баён қилди: “Ўртоқ, сиз интернетни яхши тушунасиз. Гап орамизда қолсин-а. Мен ҳозир аризани ёзиб келдим. Ҳали бошлиққа топширганим йўқ. Сиз билан бир маслаҳатлашволай дедим. Мен электрон почта орқали 15 миллион доллар ютиб олдим…”

Хуллас, уёғини тушундингиз. Дўстимга менга бунақа хатлар кунига 2-3 марта келиши ва спамлар, интернет фирибгарлари ҳақида яхшилаб тушунтириб, аризани йиртиб ташлашини айтдим.

Яқинда бошқа бир дўстим сўраб қолди: “Оғайни, ёрдаминг керак. АҚШдан зўр иш чиқди. Қассобчилик. Ойига $5000 тўлашаркан. Фалон ўрис сайтидан топдим. Ҳужжатларимни тайёрлаш учун уларга 500 доллар юборишим керак экан…”

Яна тушундингиз. Дўстимга ҳам тушунтирдим.

Доно халқимиз текин ишқибозларига киноя қилиб “Бепул кафан топилса, ўлмоқ керак” дейди. Яна бошқа мақолларимиз ҳам бор: “Арзон олдим — армон олдим”, “Арзоннинг шўрваси татимас”.

Қиммат бўлса ҳам сифатлисидан, фойдалисидан қўймасин!

Давронбек Тожиалиев


Манба: Diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Интернетда сизни қандай алдашяпти? Ҳаммаси ҳақида очиқ-ойдин