00:11 / 06.11.2016
11 526

Флагман смартфон сотиб олмаслик учун 5 та сабаб

Флагман смартфон сотиб олмаслик учун 5 та сабаб

Ўзига маъқул фирманинг ҳар йили янгиланадиган флагман смартфонларини интиқиб кутадиган фойдаланувчилар анчагина. Уларнинг бу ҳолатини тушунса бўлади: ахир, флагманларга илғор компаниялар барча янги технология ва фукнцияларни татбиқ этишга ҳаракат қилишади. Бироқ ушбу мақолада биз флагман-смартфон харид қилмаслик борасида сўз юритамиз. Қуйида ушбу мақсадни ифодалайдиган 5 та сабабни келтирдик.

Қиммат нарх

Одатда, флагман смартфонларнинг нархи ўртаҳол смартфонларга қараганда анча қиммат бўлади. Сабаби айнан мазкур илғор смартфонлар компанияга мўмайгина фойда келтиради. Шунинг учун ҳам деярли барча фирмалар флагман смартфонларни зўр бериб реклама қилишади, маркетинг фаолиятлари учун маблағни аямайдилар. Бунинг таъсирига тушган мижоз эса айнан флагманни харид қилишга ошиқади. Баъзилар ҳатто қиммат телефон ишлатиши билан ҳам мақтанади. Бироқ, масалага теранроқ назар солинса, флагман сизнинг чўнтагингизга зарар келтириши маълум бўлади. Айниқса, қиммат нарх борасида Apple флагманларидан ўтадиган йўқ.

Флагманларсиз ҳам яшаш мумкин

Жаҳон смартфон бозоридаги кескин рақобат сабабли ишлаб чиқарувчилар йилдан-йилга эмас, ойдан-ойга янада инновацион смартфонлар тайёрлашга интилмоқдалар. Бундай пойга натижасида улар қурилма камерасидаги мегапикселлар миқдорини оширишмоқда, процессорларни кучайтиришмоқда, дисплейнинг аниқлик форматини такомиллиштиришмоқда ва ҳоказо. Бироқ булар учун охир-оқибатда истеъмолчи пул тўлашга мажбур бўлмоқда. Тўғри, технологиялар бир жойда қотиб турмайди. Аммо бу нарса истеъмолчига ҳам зиён келтирмаслиги лозим, деб ўйлайман. Умуман олганда, ўртача техник параметрларга эга смартфонлар ҳам ўзига юклатилган вазифани аъло даражада бажармоқда. Гарчи флагманларда илғор процессорлар қўлланилса-да, операцион тизим етарли даражада оптималлаштирилмаса, бу нарса кўзланган натижани бермаслиги мумкин. Айни вақда жаҳонда ҳатто Ultra HD форматли экран билан жиҳозланган смартфонлар чиқарилмоқда. Аммо тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, одамнинг кўриш қобилияти учун HD аниқлигидаги дисплей ҳам кифоя қилар экан.

Шу билан бирга, флагман смартфонларнинг оператив хотираси 4 ГБга етказилди, аммо яхшилаб қаралса, одатда, кўп оператив хотира билан таъминланган смартфонлар дастурида кераксиз иловалар ҳам мавжуд бўлади (албатта, ҳаммасида эмас).

Камерага келсак, 16 МПли смартфон камераси қилган ишни баъзан 13 МП ёки 12 МПли камера сенсорига эга телефонлар ҳам яхши бажариши мумкин. Дейлик, фарқи катта бўлганда ҳам, ўртаҳол телефон камерасидан олинган суратларда барча деталларни қўриш мумкин. Шундай экан ортиқча пул тўлашдан нима маъно?

Флагман қилган ишни ўртаҳол смартфон ҳам эплайди

Оддий ҳаётий мисол: кўпчиликдан нега Galaxy S7 Edge ёки iPhone 6S харид қилдингиз, деб сўралса, жўяли жавоб олиш қийин. Албатта, биринчи навбатда, аксарият харидорлар флагманларнинг илғор техник параметрларини тилга олишади, бироқ бу, назаримда, ақлли аргумент эмас. Сабаби ушбу флагманлар қилган ишни, ўртаҳол ёки ўрта сегментга мансуб телефонлар ҳам эплаши мумкин-ку. Гапларимга ишонмасангиз, Galaxy S7 билан Galaxy A5 (2016) телефонларини солиштириб кўринг. Ўртаҳол смартфонларда ҳам кучли графикали ўйинларни ўйнаш, сифатли тасвирга олиш, тиниқ дисплейдан завқланиш мумкин.

Яна савол туғилади, хўш нега флагман смартфон харид қиламиз? Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, мусиқа тинглаш, чиройли расм ва видеоларни суратга олиш, ўйин ўйнаш, бармоқ изи сканери ёки металл корпус учунми? У ҳолда ўртаҳол смартфонларда ҳам буларнинг барчасини амалга ошириш мумкин-ку. Чўнтакка зарар келтириб нима қиламиз!?

Флагман ўлди…яшасин янги флагман

Сарлавҳадан нима демоқчи бўлганимни англаган бўлсангиз керак. Флагман смартфоннинг “шов-шув”ли ҳаёти фақат бир йил давом этади. Бир йилдан кейин янада илғор имкониятлар билан бойитилган янги флагман тақдим этилади. Натижада сизнинг флагман смартфонингиз “эскиради-қўяди”. Демак, бундан шундай хулоса келиб чиқадики, сиз технологияларнинг ортидан қувиб етолмас экансиз! Қувиб етган тақдирингизда ҳам, бунинг учун анча маблағ сарфлашингизга тўғри келади. Телефон харид қилаётганда кўпроқ унинг ташқи тарафига эмас, дастурининг замонавийлигига эътибор қаратиш керак. Чунки қурилмадаги дастур қанчалик янги ёки версияси сўнгги бўлса, унинг ишлаш самарадорлиги ҳам шунча ортади. Мисол учун флагманлардан бўлмаган Google Nexus 5X моделини олайлик, қурилма LG ва Google томонидан ҳамкорликда 2015 йилда чиқарилган. Техник параметрлари ўртачадан юқори. Бироқ модель биринчилардан бўлиб Android 7.0 версиясига янгиланди. Бошқа Android флагманлар эса ҳали ҳам Android 6.0 версиясида ишламоқда. Хулоса шуки, ўртаҳол моделлар ҳам флагманлар ишини аъло даражада бажаради. Шунинг учун реклама ва маркетинг даъватларига учишдан мазмун йўқ.

Флагманни боқиш қиммат

Флагман смартфонни ишлаб чиқариш пайтида ҳар битта компания энг сифатли деталлардан фойдаланишга интилади. Натижада смартфоннинг тан нархи ва эҳтиёт қисмларнинг қиймати ошади. Шу боис флагман смартфоннинг аппарат қисмига бирор зарар етса, шубҳасиз, уни таъмирлатиш фойдаланувчига арзонга тушмайди. Оддий мисол, қабариқ экранли смартфонлар экрани оддий форм-фактордаги смартфонлар экранидан қимматроқ туради. Шу ерда оддий парадигма юзага келади: қанчалик қиммат смартфон ишлатилса, уни таъмирлатиш учун шунчалик кўп маблағ сарфлашга тайёр туриш керак. Ҳозирда Хитой фирмалари унча-мунча флагманлардан техник томондан ортда қолмайдиган смартфонлар (Meizu, Xiaomi, Vivo, Doogee) ишлаб чиқармоқдалар. Бироқ уларнинг нархлари етакчи компанияларникига қараганда бир неча марта арзон. Натижа эса якунда бир хил: ўртаҳол смартфон ҳам барча “юмуш”ларни эпчиллик билан адо этади!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Флагман смартфон сотиб олмаслик учун 5 та сабаб