
АҚШнинг Joby Aviation компанияси Британиянинг Virgin Atlantic авиакомпанияси билан ҳамкорлик шартномаси имзолаб, Буюк Британияда электр аэротакси хизматини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания расман маълум қилди.
Шу тариқа Буюк Британия тижорий ҳаво таксиларини жорий этишни мақсад қилган дунёдаги еттинчи давлатга айланади. Joby Aviation аввал АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига эътибор қаратади ва кейин Британия бозорига кириб боришни режалаштирмоқда.
Хабар қилинишича, Дубайда электр аэротакси хизматининг дастлабки синовлари жорий йил охири ёки келаси йил бошида бошланади. АҚШда эса бу хизматни 2025 йилда йўлга қўйиш режалаштирилган эди, аммо маъмурий тўсиқлар туфайли кечикишлар содир бўлди. Компания АҚШ авиация органларидан сертификат олиш босқичида турибди, аммо ҳали якуний рухсатнома олмаган.
Буюк Британияда аэротакси хизматини бошлаш учун Joby Aviation Британия авиация бошқармасидан сертификат олиши зарур. Ушбу ариза 2022 йилдаёқ тақдим этилган эди. Virgin Atlantic эса мамлакат бўйича Joby Aviation компаниясининг ягона расмий воситачисига айланади.
Лойиҳанинг асосий ғояси йўловчиларни шаҳар марказларидан аэропортларга электр аэротаксилар орқали тез ва қулай равишда ташишдир. Бошланғич босқичда Лондон Хитроу ҳамда Манчестер аэропортлари орасида парвозлар амалга оширилади. Келгусида бошқа йўналишлар ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Joby Aviation ҳаво кемалари битта учувчи, тўрт нафар йўловчи ва кичик ҳажмли юкларни ташишга мўлжалланган. Ушбу замонавий электр ҳаво таксилари соатига 320 километр тезликда ҳаракатланади. Бу эса Лидс ва Манчестер шаҳарлари ўртасидаги масофани бор-йўғи 15 дақиқада босиб ўтиш имкониятини беради.
Хизматнинг тўлиқ жорий қилинишига ҳали вақт бор бўлса-да, Joby Aviation глобал бозорда ўз ўрнини топишни мақсад қилган. Келажакда компания нафақат Буюк Британия ва АҚШ, балки Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон ва Австралияда ҳам аэротакси хизматини йўлга қўйиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар