date
views 293

БААда жуфтлик топиш учун сунъий ақлли илова ишга туширилди

БААда жуфтлик топиш учун сунъий ақлли илова ишга туширилди
Бирлашган Араб Амирликларида замонавий технологиялар инсон ҳаётининг деярли барча соҳаларига кириб боргани ҳеч кимга сир эмас. Энди эса ушбу юртда сунъий интеллектга асосланган, жуфтлик топишни мақсад қилган илова ишга туширилди. Бу ҳақда маҳаллий Khaleej Times нашри хабар тарқатди.

Мазкур инновацион платформа БАА фуқаролари ва доимий резидентларига мўлжалланган бўлиб, ҳар бир фойдаланувчининг шахсий афзалликлари, қизиқишлари ва талаблари асосида жуфт танлаш имконини тақдим этади. Энг муҳими, бу илова Амирликлардаги исломий урф-одатларга тўлиқ мос ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, шахсий маълумотлар махфийлигига алоҳида эътибор қаратилади.

Иловадан фойдаланиш жараёни ҳам оддий ва қулай: аввало, фойдаланувчи ўз афзал кўрувчи жуфти ҳақида аниқ маълумотларни киритади. Сунъий интеллект бу маълумотларни чуқур таҳлил қилиб, мос номзодни танлаб беради. Танланган жуфтлик икки томонлама розилик билдиргандагина учрашув ташкил этилади. Учрашув эса Амирликлар анъаналарига мувофиқ равишда келиннинг оиласи ҳузурида ўтказилади.

Бу инновацион илова жамиятдаги ижтимоий тартиб, маънавий қадриятлар ва диний талабларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилгани билан ҳам бошқалардан ажралиб туради. Шахсий маълумотларнинг ҳимояси юридик келишувлар асосида кафолатланган. Ҳар бир иштирокчи ўз профилини яратиб, махфий шароитда хизматдан фойдаланиши мумкин.

Обуна нархи ҳам эътиборга лойиқ — фойдаланувчи 1 099 дирҳам (тақрибан 300 АҚШ доллари) тўлаб, тўрт марта жуфт танлаш имконига эга бўлади. Профилнинг амал қилиш муддати эса чексиз, яъни фойдаланувчи исталган вақтда иловага кириб, ўз тақдирини излашда давом этиши мумкин.

Илованинг яратилиш ғояси эса тасодифий эмас — сўнгги йилларда БААда анъанавий маданий ва диний қоидаларни эътиборга олмайдиган ғарб услубидаги танишув иловалари сони кескин ортиб кетган. Маҳаллий аҳоли орасида эса ушбу тенденцияга нисбатан ташвиш ва норозилик кучаймоқда. Янги илова айнан ана шундай хавотирларга жавоб сифатида ишлаб чиқилган.

БАА расмийлари ва дастурчилар бу иловани нафақат жуфтлик топиш, балки оилани мустаҳкам асосда қуришга хизмат қиладиган платформа сифатида кўришмоқда. Унинг яратилиши мамлакатдаги никоҳ институтларини ривожлантириш ва ёш авлодни миллий анъаналар асосида турмуш қуришга ундаш мақсадини ҳам ўз ичига олади.

Айни пайтда иловага қизиқиш жуда катта бўлиб, фойдаланувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда. Яқин келажакда ушбу илованинг халқаро миқёсда ҳам оммалашиши эҳтимолдан холи эмас.

Жамиятдаги маданий қадриятлар ва замонавий технологиялар ўртасида мувозанат сақлашга интилган бу лойиҳа, шубҳасиз, турмуш қуриш борасида янги йўналишни бошлаб беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » БААда жуфтлик топиш учун сунъий ақлли илова ишга туширилди