date
views 119

Япон олимлари энергияни кам сарфлайдиган хотира усулини топди

Япон олимлари энергияни кам сарфлайдиган хотира усулини топди
Технология оламида яна бир муҳим илмий янгилик: Япониялик олимлар компьютер хотирасини бошқаришнинг тамомила янги, самарали ва энергия тежайдиган усулини яратишди. Ушбу илмий иш “Advanced Materials” журналида чоп этилди ва дунёдаги барча рақамли қурилмалар ишлаб чиқарувчилари учун катта қизиқиш уйғотди.

Бугунги кунда ноутбуклар, смартфонлар ва серверлар каби мосламалар доимий равишда маълумот алмашиши учун электр токидан фойдаланади. Бу жараёнда иссиқлик кўринишида кўп миқдорда энергия йўқотилади. Айниқса, узлуксиз ишлайдиган қурилмалар учун бу катта масала. Ана шу муаммони ҳал қилиш мақсадида Токио Фанлар институти олимлари илғор материаллар — мултиферроик моддаларга мурожаат қилишди.

Мултиферроик моддаларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар иссиқликка эҳтиёж сезмасдан, фақат электр майдони таъсирида магнит хусусиятларини ўзгартириш қобилиятига эга. Илгари ушбу жараён фақат электр ва магнит йўналишларининг бир хил бўлишида амалга ошиши мумкин, деб ҳисобланар эди. Аммо профессор Кеи Сигемацу бошчилигидаги тадқиқотчилар бундай фикрни инкор этди.

Тажриба жараёнида BiFe₀.₉Co₀.₁O₃ моддасидан ясалган юпқа плёнкалар синовдан ўтказилди. Натижада, олимлар ҳатто электр майдони магнит сигналга бурчак остида йўналтирилганда ҳам хотирани аниқ ва барқарор бошқариш мумкинлигини исботлашди.

Технологиянинг истиқболлари нимада?

Бу янгилик рақамли қурилмалар учун янги авлод хотира технологиясини яратишда трамплин вазифасини ўтайди. Яъни, электрод ва сенсорларни янада мослашувчан ва эркин жойлаштириш имкони пайдо бўлади. Ушбу усул орқали компьютер ва смартфонлар янада ихчам, кучли ва энергия самарадор бўлиб қолади.

— “Бизнинг технологиямиз келажакда компьютерлар ва мобил қурилмалар учун тежамкор, кучли ва барқарор хотира яратишга замин яратади”, — дейди профессор Сигемацу. “Айниқса, дунёда миллиардлаб рақамли қурилмалар ишлатилаётган, улар эса тобора кўпроқ энергия сарфлаяпган бир вақтда, бу каби ютуқлар ҳаётимиз учун катта аҳамиятга эга”.

Япониялик олимларнинг кашфиёти нафақат технологик тараққиётга, балки экологик барқарорликка ҳам хизмат қилади. Яқин келажакда бу усул асосида ишлаб чиқариладиган хотира блоклари бутун дунё компьютер индустриясида инқилоб яратиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Япон олимлари энергияни кам сарфлайдиган хотира усулини топди