date

Қаришга қарши янги усул: электр майдонидан тиббиётда фойдаланиш

Қаришга қарши янги усул: электр майдонидан тиббиётда фойдаланиш
Қариш — бу фақат ташқи белгилар билан чекланиб қолмайдиган, организмнинг ҳар бир ҳужайрасида кечадиган мураккаб биологик жараён. Ушбу мураккабликни тўғри англаш ва уни назорат қилишда янги босқичга ўтилди: Токио университети олимлари биокимёвий реакцияларсиз, яъни ҳеч қандай махсус белгиларсиз қариётган ҳужайраларни аниқлаш имконини берадиган технологияни яратдилар.

IEEE Sensors журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, бу усул частота-модуляцияланган диэлектрофорез (FM-DEP) деб аталади. Унинг асосий тамойили шундаки, ҳужайралар ўзгарувчан электр майдони таъсирида ҳар хил ҳаракат қилади. Яъни, қариётган ва ёш ҳужайралар электродларга нисбатан турлича реакция кўрсатади. Бу фарқ «ажратиш частотаси» деб аталади ва у ҳужайра мембранаси таркибидаги ўзгаришлар орқали аниқланади.

Қандай фарқ бор?
Ҳозиргача қаришни аниқлаш учун флуоресцент маркировка, яъни махсус химик моддалар керак эди. Бу моддалар эса ҳужайранинг табиий хусусиятларини бузиши, таҳлил жараёнини эса қийинлаштириши мумкин. FM-DEP эса бу муаммолардан холи, чунки у маркировка талаб қилмайди ва ҳужайра учун мутлақо хавфсиз ҳисобланади.

Тадқиқот қаерда ўтказилди?
Ушбу илмий иш инсон тери тўқимаси ҳужайралари — дермал фибробластлар асосида олиб борилди. Натижада, қариётган ҳужайраларнинг мембранасидаги липид таркибида аниқ фарқлар кузатилди. Бу эса, FM-DEP технологияси қариш жараёнининг ютуқли диагностикаси учун ишончли инструмент бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Нима учун бу муҳим?
Мазкур технология нафақат қаришни аниқлашда, балки регенератив тиббиёт, яъни янгиланишга асосланган шифо усуллари ва дори ишланмаларини синовдан ўтказишда ҳам катта ёрдам бера олади. Келажакда FM-DEP технологияси бошқа ҳужайра турларига мослаштирилиб, кенг қамровли тиббий таҳлилларда қўлланилиши мумкин.

Қаришга қарши курашдаги ҳар бир янги қадам инсон умрини сифатли ва соғлом қилишга хизмат қилади. Электр майдони орқали ҳужайралар ҳолатини аниқлаш — тиббиётнинг энг илғор ва умидли йўналишларидан бири бўлиб бормоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Қаришга қарши янги усул: электр майдонидан тиббиётда фойдаланиш