
Илон Маск раҳбарлигидаги Tesla компанияси инсонсимон робот — Optimus’ни оммавий ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу қарор роботнинг техник ва дастурий имкониятларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар билан боғлиқ бўлиб, Хитой манбаларига кўра, компания тахминан ярим ой аввал бутловчи қисмлар харидини ҳам тўхтатиб қўйган.
Ҳозирча Tesla расман бу ҳақда баёнот бермаган бўлса-да, компания ички манбалари Optimus'даги тузилмавий ва функционал ўзгаришлар якунлангунига қадар ишлаб чиқаришни тўхтатиб, модернизация жараёнини биринчи ўринга қўйганини тасдиқламоқда. Бу жараён икки ойгача давом этиши мумкинлиги айтилмоқда.
Илон Маск ўзининг ижтимоий тармоқлардаги баёнотида Optimusнинг янги версияси аввалги моделларга нисбатан анча такомиллашганини маълум қилди. Янгиланган роботда Grok чат-боти интеграция қилинган бўлиб, у орқали овозли мулоқот функцияси ишга туширилган.
Бундан ташқари, аппарат қисмларда ҳам бир қатор яхшиланишлар кўзда тутилган. Тахминларга кўра, янги моделда ҳаракатларнинг аниқлиги, манёвра қобилияти ва мувозанатни ушлаш функцияси сезиларли даражада оширилган.
Маълумотларга кўра, Optimus лойиҳасидаги тузатишлар июнь ойида, унинг дастлабки раҳбари Милан Ковач компанияни тарк этганидан сўнг бошланган. Ҳозирги пайтда бу лойиҳани Tesla’да 11 йилдан бери фаолият юритаётган ва аввал автопилот тизимини ишлаб чиққан Ашок Эллюсвами бошқармоқда. У сунъий интеллект соҳасида катта тажрибага эга мутахассис сифатида Optimus’ни оммавий ишлаб чиқаришга тайёрлашни мақсад қилган.
Tesla'нинг ушбу қароридан кўриниб турибдики, компания инсонсимон роботлар каби юқори технологияли маҳсулотларни бозорга чиқаришдан аввал уларни мукаммал шаклга келтиришни муҳим деб билади. Optimus дунёдаги илк ақлли роботлардан бири сифатида оммавий ҳаётга қадам қўйиш арафасида турибди ва ундан умидлар катта.
Шу сабаб, ишлаб чиқаришдаги танаффус нафақат техник камчиликларни бартараф этиш, балки яқин келажакда робототехника оламида янги даврни бошлашга тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар