
Apple компанияси Хитойдаги ижтимоий тармоқ — Weibo'да Samsung'нинг янги буклама смартфонини реклама қилган видеороликни ўз саҳифасида жойлаштириб юборди. Бу воқеа бир неча дақиқа ичида кенг муҳокамага сабаб бўлди, деб ёзади Pravilamag нашри.
Apple’нинг расмий баёнотига кўра, ушбу ҳолат техник хатолик натижасида юз берган. Компания вакили шундай деди: “AppleSupport фақатгина Apple билан боғлиқ контентни нашр қилади. Бунинг қандай содир бўлганини аниқлаш учун Weibo билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз”.
Қизиғи шундаки, Samsung смартфони акс этган видеога ёзилган матн Apple маҳсулотларидаги болалар учун мўлжалланган назорат функцияларини тарғиб қилувчи хабар эди. Унда шундай дейилган: “Қурилмангизда ота-она назоратини ўрнатган ҳолда, фарзандингиз App Store орқали юклаб олиш ва харид қилиш учун берган сўровларини бошқаришингиз мумкин”.
Постнинг вирусдек тарқалиши узоққа чўзилмади — фойдаланувчилар томонидан кенг кўламда ўртоқлашилди ва ҳазилларга сабаб бўлди. Айрим кузатувчилар бу хатони Apple ёзги тажриба ўтаётган стажёрни ишга олгани билан боғлашди. Улар шундай деб масхара қилдилар: “Apple ёзда стажёрни ишга олган ва у бу вазифани уддалай олмади”.
Бу каби хатолар катта технологик компаниялар ҳам инсон омилидан холи эмаслигини яна бир бор исботламоқда. Apple эса бу воқеадан кейин платформалардаги назоратни янада кучайтиришга мажбур бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!