Таниқли тадбиркор ва SpaceX ҳамда Tesla компаниялари асосчиси Илон Маск Wikipedia онлайн энциклопедиясини кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, платформа ҳозирги кунда ишончли манба сифатида қўлланилиши мумкин эмас.
Маскнинг сўзларига кўра, Wikipedia таҳририят сиёсати ҳаддан ташқари "чап-майлда ва нигилистик" руҳда бўлиб, бу ахборотнинг бетарафлигига жиддий путур етказади. Унинг фикрича, маълумотлар берилишида айрим ғоялар ва сиёсий нуқтаи назарлар устувор қилинади.
Қизиғи шундаки, Маскнинг бу фикрини портал асосчиларидан бири — Ларри Сенгер ҳам қўллаб-қувватлади. Сенгер ўз баёнотида сўнгги йилларда кўплаб фойдаланувчилар Wikipediaга ишончни йўқотганини ва энциклопедияда ҳақиқий холисликни сақлаш борасида жиддий муаммолар борлигини таъкидлади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Wikipedia дунёнинг энг машҳур онлайн маълумот манбалари қаторида бўлса-да, унинг контентига таҳрирлар очиқ бўлгани учун айрим ҳолларда субъектив ёндашувлар кириб келиши мумкин. Бу эса ўқувчиларни ахборотни танқидий таҳлил қилишга ундайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!