Apple АҚШда сотиладиган iPhone’лардаги физик SIM-карта тирқишидан воз кечишни анча олдин бошлаган эди. 9to5Mac хабарига кўра, энди худди шундай ёндашув Европада сотиладиган iPhone 17 линиясига ҳам татбиқ этилиши кутилмоқда, яъни янги смартфонларда eSIM асосий стандартга айланади.
Манба таъкидлашича, Apple Европадаги фирмавий дўконлар ходимларини eSIM технологияси билан ишлашни чуқур ўрганишга вазифалаб қўйган. Ўқув курсини тугатиш учун сўнгги муддат — 5 сентябрь, яъни iPhone 17 тақдимотидан бир неча кун олдин қилиб белгилангани ҳам ўз-ўзидан ишора бериб турибди.
eSIM нима ўзи? Бу — фойдаланувчи жисмоний пластик SIM-картасиз ҳам оператор тарифини гаджет ичидаги рақамли модул орқали фаоллаштира оладиган ечим. Мутахассислар фикрича, SIM-слотни олиб ташлаш қатор ютуқлар беради:
-
Смартфон корпусида ички жой бўшайди — бу аккумулятор сиғимини ошириш ёки бошқа муҳим компонентларни жойлаштириш имконини очади.
-
Ташқи тирқиш йўқолиши дизайнни соддалаштиради, чанг ва намликдан ҳимоя даражасини оширади.
-
Нихоят, бутун дунё бўйлаб ягона «темир» платформаси ишлаб чиқариш жараёни ва логистикани компания учун анча осонлаштиради.
Шу билан бирга, The Information нашри 2024 йил ноябрида iPhone 17 Air’нинг барча версиялари — қайси бозор учун ишлаб чиқарилганидан қатъи назар — корпуси қалинлиги сабабли SIM-слотсиз келиши ҳақида ёзган эди. Демак, ўзгаришлар дастлаб айни шу моделдан бошланиши ҳам мумкин.
Кутилган янгиликлар бу билан чекланмайди: iPhone 17 смартфонлари билан бир қаторда Apple бир вақтнинг ўзида учта Apple Watch ва AirPods 3 Pro ни ҳам намойиш этиши режада. Бундан ташқари, AirTag 2 устида ишлар кетаётгани ҳақида миш-мишлар бор. Инсайдерлар айтишича, компания шу ойнинг ўзида камида еттита янги қурилмани саҳнага олиб чиқади.
Қисқаси, Apple eSIM билан пластик SIMсиз, фақат рақамли тарзда келажакка яна бир қадам ташламоқда: батарея, ҳимоя ва глобал платформалаштиришдаги ютуқлар — барчаси сизнинг қўлингиздаги гаджетга тўғридан-тўғри таъсир қилади. Энди эса савол битта: сиз ҳам пластик SIMдан воз кечишга тайёрмисиз?
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!