date

Японияда кунига икки соатлик телефон лимити

Японияда кунига икки соатлик телефон лимити

Япониянинг Тоёаке шаҳри ҳокимияти интернет ва смартфондан ортиқча фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида аҳолини кунлик қўлланиш вақтини икки соат билан чеклашга чақирди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Шаҳар мери Масафуми Коки таъкидлашича, бундай чеклов одамлар соғлиғи ва уйқу тартибига салбий таъсир кўрсатадиган гаджетлардан ҳаддан ташқари фойдаланишнинг олдини олиш учун зарур.

Чора октябрдан кучга кириши мумкин. Ҳеч қандай жарима кўзда тутилмаган — тавсия ихтиёрий ҳисобланади ва ҳам болалар, ҳам катталар учун мўлжалланган.

Лойиҳага кўра, 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар соат 21:00 дан кейин, ўсмирлар ва катталар эса 22:00 дан кейин смартфон ва планшетларини четга қўйишлари тавсия этилади.

Бироқ ҳукуматнинг ушбу таклифи ижтимоий тармоқларда салбий муносабат уйғотди. Кўплаб фойдаланувчилар буни шахсий эркинликка аралашиш, амалий жиҳатдан эса бажариб бўлмайдиган қарор сифатида баҳолашди.

“Икки соат китоб ўқиш ёки смартфон орқали фильм кўриш учун ҳам етарли эмас”, — деб ёзди интернет фойдаланувчиларидан бири.

69 минг аҳолига эга шаҳарда чеклов эълон қилингач, маҳаллий ҳокимиятга юзлаб мурожаатлар келиб тушди. Улардан 80 фоиздан ортиғи ҳукумат ғоясини танқид қилган.

Шу муносабат билан мер шундай изоҳ берди: “Бу ташаббус оилаларга смартфонлар учун қанча вақт сарфлаётганини баҳолаш ва бу ҳақда ўзаро мулоҳаза қилиш имконини беришига ишонаман”.

Расмийларга кўра, лойиҳа ҳам болалар, ҳам катталар орасида телефонга боғлиқлик сабабли вужудга келаётган муаммоларни камайтиришга қаратилган. Масалан, мактабда смартфондан фойдаланиш тақиқлангач, айрим ўқувчилар таълимдан узоқлашишни бошлаган. Шунингдек, шахсий вақтни телефонга бағишлаб, уйқу ва оила билан мулоқотни орқага суриб қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Японияда кунига икки соатлик телефон лимити