Spin Master ва Cubios компаниялари яратган WOWCube номли инновацион ўйинчоқ анъанавий Рубик кубининг янги рақамли босқичига айланди. 2×2 форматдаги бу кубда одатдаги рангли квадратлар ўрнига 24 та кичик LCD дисплей ўрнатилган. Лойиҳа илк бор 2016 йилда намойиш этилган бўлиб, энди расман олдиндан буюртма учун очиқ ҳолатга келди.
WOWCube’нинг энг қизиқ жиҳати — у нафақат айлантирилади, балки турли ўйинларни ҳам ишга тушира олади. Масалан, унда Cut the Rope, 2048 ёки классик Space Invaders каби ўйинларни ўйнаш мумкин. Куб ички сенсорлар орқали эгилиш ва силкинишни ҳис қилади — бу элементлар ҳам геймплейнинг бир қисми сифатида фойдаланилади.
WOWCube иловалар дўкони орқали янги ўйинлар ва функцияларни юклаб олиш имкони мавжуд. Смартфон билан Bluetooth орқали уланиш орқали фойдаланувчи пуллик ёки бепул дастурларни ўрнатиши мумкин. Шунингдек, ишлаб чиқувчилар учун махсус SDK тақдим этилган — бу WOWCube учун янги ўйинлар ва интерактив иловалар яратишни осонлаштиради.
Қурилмада фақат ўйинлар эмас, балки кундалик фойдаланиш учун мос функциялар ҳам мавжуд: таймер, аквариумли жонли заставка, об-ҳаво, эслатмалар ва акция нархлари билан виджетлар.
Автоном ишлаш вақти беш соатгача етади, тўлиқ қувватлаш учун эса махсус док-станция тақдим этилади. Нархи — 299 доллар (тақрибан 3 600 минг сўм). Компания маълумотига кўра, илк харидорларга етказиб бериш католик Рождествосига қадар бошланиши режалаштирилган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, WOWCube классик ўйинчоқлар ва замонавий технологияни муваффақиятли уйғунлаштирган илк гаджетлардан бири сифатида тарихга кириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!