date

Augmented Steam баҳсли AI функциясини сақлаб қолди

Augmented Steam баҳсли AI функциясини сақлаб қолди

Steam дўконининг имкониятларини кенгайтириб берадиган машҳур Augmented Steam браузер кенгайтмаси бу сафар VaporLens сервиси билан интеграция сабаб эътибор марказига тушди. Ушбу восита генератив сунъий интеллект ва катта тил моделлари ёрдамида фойдаланувчи шарҳларини таҳлил қилиб, ўйинларнинг афзаллик ва камчиликларини қисқа хулосага жамлайди. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.

4.5.0 версияда функция сукут бўйича ёқилган ва олдиндан огоҳлантиришсиз ишга туширилгани аудитория орасида турлича реакцияни келтириб чиқарди. Айрим фойдаланувчилар ўз матнлари нейротармоқлар томонидан қайта ишланишидан норози бўлди, бошқалар эса AI ечимлари “мажбурий” тарзда тиқиштирилаётганини танқид қилди.

Баҳслар фонида кенгайтма муаллифи GitHub’да овоз бериш ўтказиб, VaporLens’нинг тақдири бўйича ҳамжамият фикрини сўради. Натижада қатнашчиларнинг қарийб 66 фоизи функция қолишини қўллаб-қувватлади.

Кўпчилик позициясига таянган ҳолда 4.6.0 янгиланиши чиқарилди: интеграция сақлаб қолинди, бироқ ундан фойдаланиш тартиби муроса йўлига келтирилди. Энди нейротармоқ хулосалари блоки аввалгидек ёқилган бўлса-да, дастлаб йиғилган (букланган) ҳолатда туради — матнни кўриш учун фойдаланувчи ойнани ўзи очиши керак.

AI технологияларига қарши бўлганлар учун эса алоҳида созлама қўшилди: у интерфейсдаги сунъий интеллект билан боғлиқ элементларни бутунлай ўчириб ташлайди. Ишлаб чиқувчи, шунингдек, тизим олдиндан тайёрлаб қўйилган маълумотлардан фойдаланишини ва реал вақт режимида компьютерларга қўшимча юк бермаслигини таъкидлади.

Шу билан бирга, вазият танқидчиларга таниш бўлган сценарийни эслатади: аввал янгилик “ўзича” ёқилади, кейин норози бўлганларга қўлда ўчириб қўйиш таклиф этилади. Бундай тажриба кейинчалик алоҳида хизмат сифатида ҳам даромад келтириши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Augmented Steam баҳсли AI функциясини сақлаб қолди