Steam 2025 рейтингида Schedule I ва R.E.P.O. етакчилик қилди

Йил ўйини унвони учун асосий даъвогарлардан бири сифатида тилга олинаётган Clair Obscur: Expedition 33 Steam фойдаланувчи рейтингида чўққига чиқа олмади. Steam250 статистикаси шуни кўрсатадики, 2025 йилда энг юқори баҳолар кўпроқ эрта кириш босқичидаги инди лойиҳаларга насиб этган. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Рўйхатнинг биринчи поғонасини провокацион криминал-бизнес симулятори Schedule I эгаллади. Иккинчи ўринда кооператив даҳшат жанридаги R.E.P.O. қайд этилган бўлса, учинчи ўрин суперқаҳрамонлар ҳақидаги бошқарув ўйини Dispatchга насиб қилган. Clair Obscur: Expedition 33 эса тўртинчи қаторда қолиб, кўлами кичикроқ бўлса-да, ҳамжамият томонидан илиқроқ кутиб олинган релизларга йўл берди.
Эътиборлиси, Schedule I мавзусига яқин ўйинлар топ-50 ичида ёлғиз эмас: Steam аудиторияси 2025 йилда хаёлий иқтисодиётнинг “соя томони”га урғу берадиган бир нечта ноодатий инди лойиҳаларни ҳам кутилмаганда яхши қабул қилган.
Шу билан бирга, рейтинг атрофида баҳслар ҳам бор: айрим фойдаланувчилар турли форматдаги — симулятор, кооператив ва яккахон ўйинларни — бир жадвалда таққослашни шубҳа остига олмоқда. Бошқалар эса Clair Obscur: Expedition 33 ҳақидаги фикрини кескин билдириб, “чиройли кўринса-да, ўзига хос жиҳати етишмайди” дея баҳолаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!