11:07 / 16.05.2015
5 953

UMS бош директори Дмитрий Нагорный билан интервью

UMS бош директори Дмитрий Нагорный билан интервью

Ўзбекистон мобиль алоқа бозорида янги UMS операторининг ишга туширилганига 5 ойдан ошди. Дмитрий Нагорный компания бош директори сифатидаги илк интервьюсида алоқа операторини ишга туширишдан аввал қандай вазифалар тургани, бу йил абонентларни қандай янгиликлар кутаётгани, “чиройли” рақамларнинг нархи нега қимматлигига тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда uz24.uz.

– Маълумки, Ўзбекистонга келишингиздан аввал Сиз “МТС” ОАЖнинг Олтой ўлкасидаги филилалини бошқариб келгансиз. Бу ерда бош раҳбарликни қандай олиб бораяпсиз?

– Тан олиш керак, UMS нинг техник ва тижоратли ишга туширилишининг муддати мураккаб лойиҳа эди. Ўйлаб ўтиришга вақт ҳам етмасди. Икки ой ичида активларни қабул қилиш, инвентаризация қилиш, Тошкент шаҳри ҳамда ҳудудлар учун 800 нафар ходимларни саралаш, тармоқ аудити ва уни ишга тушириш, янги биллингни ўрнатиш, алоқа марказини яратиш, дилерлик тармоқларини шакллантириш ва ҳакозо ишларни амалга ошириш керак эди. Буларнинг бари нон-стоп тартибида, дам олишсиз ва деярли кечаю кундуз ишлашни талаб этди.

Ўзбекистон мобиль бизнеси ривожи учун қулай мамлакат. Бу ерда ижтимоий фаол ва Интернетга эҳтиёжи бор ёшлар кўп. Ёши катталар эса имкони борича ўзаро мулоқотни мамнуят билан узоқ давом эттиришади. Демак биз уларга бу борада имконият яратишимиз даркор.

– Ўзбекистонда Россияга нисабатан тадбиркорликни юритиш фарқланади. Биринчи галда нимага кўникишингизга тўғри келди?

– Бизнесни юритишдаги фарқ уларга кўникишга олиб келди, дея олмайман! Тўғриси маҳаллий ишбилармонлик муҳитининг асосий жиҳатларини тушунишга қанчадир вақт кетди. Юртингизда ишбилармонлик мулоқотининг ўзига хос хусусияти бор: бизнесга тегишли барча саволлар вазминлик билан, ҳовлиқишларсиз кўриб чиқилади. Ишга мулоҳаза билан ёндошиш эса мақсадли ва объектив қарорларни қабул қилишда катта ёрдам беради.

– Бош раҳбарликни таклиф қилишганда Сизга қандай вазифалар қўйилди?

– Биринчи ўринда республика алоқа операторини қисқа фурсатда ва самарали ишга туширишни ташкиллаштириш. Айтиб ўтганимдек, қисқа вақтда UMS жамоаси ускуналарни ишга тушириш ва чакана тармоқларни очиш бўйича жиддий ишларни бажарди. Кейинги ўринда эса бизнеснинг самарали иқтисодий моделини шакллантириш, зиёнсиз чиқиш. Бунга 2015 йилда эътибор қаратилади.

Агар глобал вазифалар ҳақида гапирадиган бўлсам, мобиль оператори абонентлар талаби билан қадам ба қадам одимлаши зарур. Уларнинг талаби доимо ўсиб боради, биз эса улар кутган даражага мос келишга интиламиз.

– UMS нинг Ўзбекистонда ишга тушганига салкам ярим йил бўлмоқда. Абонентлар оқимининг кўпайиши ва камайиши бўйича дастлабки натижалар қандай?

– Абонентларнинг кўпайиши бўйича алоҳида қайд этиш керак, биз абонентлар базасини “ноль”дан бошладик. 2014 йилнинг сўнггида компания 180 мингдан зиёд кишиларга хизмат кўрсатди, бугун ҳам уларнинг сони кундан-кунга фаол тарзда ортиб бормоқда. Ўсиш динамикаси бизни қониқтиради.

– UMS компанияси Ўзбекистон ҳудудида биринчи бўлиб HD Voice технологиясини жорий этди. Ушбу кенг полосали овоз ҳақида кенгроқ сўзлаб берсангиз, абонентлар учун қанчалик фарқ бор?

– HD Voice “кристал овоз” технологиясидир. У нутқни аниқ таъминлайди, ҳамсуҳбатининг овозини ўзгартирмайди ва шовқинни пасайтириш эффэктига эга.

HD Voice да частота диапазони 50 Гц-7 кГц, бу тарқалган 300 Гц-3кГц дан фарқланади.

Бу технология UMS нинг барча абонентлари учун хизмат қилади. Бошқа ҳеч қандай қўшимча созламалар керак эмас, фақат 3G га эга сим-картани телефонга ўрнатиш етарли. “Кристал овоз”нинг эффекти қачонки ўзаро гаплашаётган абонент 3G UMS амал қиладиган ҳудудда бўлса янада яхши сезилади.

– Нима деб ўйлайсиз, яқин икки йил ичида UMS мобиль алоқа бозорида етакчи ўринга чиқа оладими?

– Албатта, барча йирик ташкилотларда бўлгани каби UMS олдида ҳам ушбу бозорда ўсиш, ривожланиш бўйича жиддий мақсадлар турибди ва бунга фаолиятимизнинг ҳар бир куни бағишланган. Ҳозирда UMS абонентларга жаҳон стандартларига жавоб берувчи алоқа хизматини, рақобатбардош тарифларни, юқори тезликдаги маълумотларни тарқатиш хизматини тақдим этмоқда. Бу ҳали бошланиши.

– 3G тармоғини модернизация қилиш қандай кечмоқда?

– Ҳозирда 3G тармоғини модернизация қилиш учун иккита имконият мавжуд. Частота ресурсини кенгайтириш база станциялари сектори сиғимини ҳамда Интернет тезлигини оширишга имкон беради. Шунингдек, UMTS – HSPA+ (тезлик 21 Мб/с гача), Dual и Triple Carrier – HSPA+ (42 гача ва 63 Мб/с) стандартлари доирасида янги технологияларни жорий этиш мумкин. Бу икки усулни қўллаш 2015 йилга мўлжалланган.

– UMSда абоентларга сифатли хизмат кўрсатишда қандай усуллар қўлланилади?

– Абонентларнинг ҳар бир мурожаати учун хизмат маркази ҳамда алоқа маркази орқали ходимларнинг муомаласи ва ҳатто мутахассисларнинг нутқи ҳам эътиборга олинган. Хусусан, мижозлар билан мулоқот учун сценарий ишлаб чиқилган, унда саволларга қандай жавоб бериш, маълумотни қабул қилиш ва қандай ёрдам бериш ёзиб қўйилган. Алоқа марказига қилинган қўнғироқлар ёзиб олинади, бу ҳақда абонент огоҳлантирилади. Бу сервис даражасини кўтариш мақсадида қилинади.

– Мобиль алоқа операторларининг абонентлари ижтимоий тармоқларда алоқа сифатини кўп муҳокама қилишади. Компания ушбу фикрларга эътибор берадими ва уларни ўрганиб чиқадими?

– Ижтимоий тармоқлар коммуникациянинг муҳим воситасидир. Абонентга колл-марказга қўнғироқ қилиб, бевосита мутахассислар билан муаммони муҳокама қилишдан кўра, ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси ёки оммабоп гуруҳларда айтиб олиш қулай. Биз буни тушунамиз ва бизга Интернетни абонентлар билан боғланиш воситасига айлантириш вазифаси қўйилган.

Шундай бўлса-да, эслатиб ўтмоқчи эдим-ки, абонентлар ижтимоий тармоқлардаги абстракт изоҳлардан кўра, компаниямизнинг мутахассисларига тўғридан-тўғри мурожаат қилишса, уларни қийнаётган масалага тезроқ ва натижали жавоб олишади.

– Кўплаб абонентларни UMSнинг “чиройли” рақамлари нега қиммат, деган савол ҳам қийнаса ажабмас. Ушбу нархлар қандай ўрнатилади?

– “Чиройли” рақамлар бизнинг бозоримиздаги талабгор маҳсулот, бунда уларнинг сони объектив сабабларга кўра чекланган. Рақамлар ўзининг бизнесида шундай инвестицияларни қилишни истайдиган ва бунга тайёр одамлар учун мўлжалланган. Бундай рақамлар қирувчи қўнғироқлар сони кўп бўлган, масалан, такси ёки колл-марказ каби хизмат кўрсатиш соҳасида ўзини оқлайди.

– 2015 йилда UMS яна қандай лойиҳаларни амалга оширади?


– Биз асосий кучимизни хизмат кўрсатишнинг юқори сифатини қўллаб-қувватлаш ҳамда мавжуд хизматларни яхшилайдиган ечимларга йўналтиришни режалаштирганмиз. Жумладан, янги абонентлар учун кўп сонли бепул бонус дақиқалар ва SMSлар билан бир неча махсус ижтимоий таклифларни тайёрлаганмиз.

Қолаверса, Қамчиқ довонида алоқа сифати билан боғлиқ муаммони ҳал этиш имконини берувчи ижтимоий лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Бошқа режалар ҳақида эса олдиндан гапирмоқчи эмасман. Ҳаммасини вақт кўрсатади!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » UMS бош директори Дмитрий Нагорный билан интервью