Booster вертикал видеоларни тўлиқ блоклайдиган янги платформа бўлди

SamC4r тахаллусли дастурчи Booster номли видео хостинг платформасини тақдим этди. Муаллиф уни YouTube’га муқобил сифатида кўрсатмоқда ва энг муҳим жиҳати — лойиҳа тўлиқ очиқ манба кодли: техник асос Next.js’да қурилган, файллар эса GitHub’даги оммавий репозиторийда ҳамма учун очиқ. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Booster’нинг “юлдузли” функцияси — контент лентасини томошабиннинг ўзи бошқариши. Профил созламаларида Shorts ва TikTok услубидаги вертикал видеоларни бутунлай ўчириб қўйиш мумкин. Яна бир фильтр AI томонидан яратилган деб белгиланган роликларни яширади — созлама ёқилса, бундай видеолар сайтнинг барча бўлимларидан кўринмай қолади. Тавсия тизими ҳам “шаффоф”: унинг ишлаш тамойили ва формуласи ҳужжатларда очиқ эълон қилинган.
Томошабинни ушлаб туриш учун платформага RPG услубидаги тизим ҳам қўшилган. Фойдаланувчилар бир неча сониялик ихтиёрий реклама кўриш ёки ижтимоий фаоллик орқали тажриба очколари тўплашади, кейин эса уларни ички дўконда сарфлашади. Дўконда аккаунт учун косметик янгиланишлар — ноёб нишонлар, унвонлар ва масалан ретро услубидаги интерфейс мавзулари сотиб олинади.
Ижтимоий қисм ҳам четда қолмаган: Booster’да мавзули ҳамжамиятларга бирлашиш ва ички чатларда мулоқот қилиш мумкин. Контент яратувчилар учун эса ҳозирнинг ўзида видео юклаш, тоифа танлаш ва статистика кўриш каби базавий имкониятлар ишлаяпти. Лойиҳа ҳануз фаол ишлаб чиқилмоқда ва браузер орқали фойдаланиш учун очиқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!