Компьютерни Android-қурилма орқали интернетга улашни ўрганамиз

  • 15 март 2017, 16:50
  • 12 565
  • Технология
  • Компьютерни Android-қурилма орқали интернетга улашни ўрганамиз

    Смартфон орқали интернетни бошқа қурилмаларга – компьютер, ноутбук, нетбук ёки планшетларга узатиш эҳтиёжи кейинги пайтларда заруратга айланиб бораётир. Айниқса, тегишли ҳудудда уяли алоқа операторининг 3G, 4G (LTE) тармоғи қамрови мавжуд бўлса-ю, аммо симли интернет ҳали етиб келмаган бўлса. Масалан, дала ҳовлига чиқиб олиб, тоза ҳавода оёқ узатиб ўтирганча ноутбукингиз ёрдамида айрим ишларингизни қилиб келмоқчисиз. Шунда бирдан интернетга уланиш керак бўлиб қолса…

    Бу каби ҳолларда смартфонингиздан модем сифатида фойдаланиб, ноутбукдан интернетга уланишингиз мумкин. Фақат бунинг учун тарифингизда интернет нисбатан арзон бўлиши ёки интернет-тўплам харид қилган бўлишингиз лозим, акс ҳолда телефонингиз ҳисобидан анчагина маблағ кетиб қолиши аниқ.

    Хуллас, Windows тизимидаги компьютер ёки ноутбукка смартфондан интернет узатишнинг учта усули бор: USB-кабель ёрдамида, Bluetooth ёки Wi-Fi тармоғи орқали. Булар орасидан Bluetooth-уланиш нисбатан эскирганлиги, кўпчилик компьютер/ноутбукларда мазкур интерфейс йўқлиги ҳамда тезлиги анча пастлиги сабабли, қуйида қолган икки усулни кўриб чиқамиз.

    Wi-Fi орқали интернетни узатиш

    Бу – Android-қурилма орқали интернет улашишнинг энг оддий ва созламалари қулай йўли. Бунда смартфон симсиз роутер вазифасини бажаради ва у Wi-Fi тармоғи орқали тарқатган интернет тўлқинига бир вақтнинг ўзида бир нечта қурилмани улаш имкони ҳам мавжуд.

    Бунинг учун смартфонингизни Wi-Fi-модем режимига ўтказишингиз лозим бўлади: Android созламаларини очиб, «Ещё» бандини босинг. Кейин эса «Режим модема» ойнасига ўтиб, «Точка доступа Wi-Fi» бандини танланг.

    Янги – «Точка доступа Wi-Fi» ойначаси очилади. Энди аввало унинг юқори қисмидаги ёқиб-ўчириш тугмачаси орқали Wi-Fi-модемни фаоллаштиринг. Кейин эса интернетга кириш нуқтаси созламаларида (Настройки точки доступа Wi-Fi) ҳимоялаш услубини (WPA2 PSK тавсия этилади) танланг ва пароль ўрнатинг.

    Шу тариқа смартфонингизни роутер вазифасида ишга тушириб олдингиз, энди бу тармоққа нафақат ноутбукни, балки Wi-Fi модулига эга бўлган исталган қурилмани ҳам уласа бўлади. Асосийси – унда симсиз уланиш интерфейси ёқиқ бўлсин. Уланиш мумкин бўлган тармоқлар рўйхатида ўзингиз смартфонда белгилаган янги номдаги тармоқ акс этади. Ўшани босиб, паролни киритасиз ва давом этиш учун «Далее» тугмачасини босасиз.

    Смартфонни USB-модем сифатида ишлатиш

    Бунинг учун смартфонингизни кабель орқали Windows тизимли ноутбук ёки компьютерингизнинг USB-портларидан бирига улайсиз. Аксарият ҳолларда тизимнинг ўзи керакли драйверларни топиб, ўрнатади. Аммо бу автоматик тарзда амалга ошмаса, мазкур драйверларни гаджетингиз ишлаб чиқарувчисининг сайтидан кўчириб олиб, ўзингиз ўрнатишингизга тўғри келади. Эътибор беринг: энг яхшиси – бунда смартфонингизнинг ўз жамланмасида келган кабелдан фойдаланиш, чунки кабелнинг сифати ҳам уланиш тезлигига таъсир кўрсатади.

    Сим орқали компьютерга улагач, смартфонингиз созламаларини очасиз ва симсиз тармоқлар созламаларини кўрсатувчи «Беспроводные сети» бўлимидаги «Ещё» бандини босасиз. Бунда қўшимча созламалар бўлими очилади, у ерда бизни қизиқтирадиган «Режим модема» бандини танлайсиз.

    Шу ерда энди «USB-модем» банди ёнига белгича қўясиз. Натижада компьютерингизда янги уланиш пайдо бўлади. Уни фаоллаштириш учун тармоқ уланишлари («Сетевые подключения») ойнасини очасиз. Маҳаллий тармоқ бўйича уланишни акс эттирувчи «Подключение по локальной сети» белгичасининг устига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертасиз. Пайдо бўлган контекст менюдаги «Включить» бандини танлайсиз.

    Кузатишлардан маълум бўлишича, смартфондан компьютерга Wi-Fi орқали интернет узатилганида тезлик бошқа усулларга нисбатан юқори бўлади. USB-кабель орқали уланишда эса, тезлик унга нисбатан паст бўлади, аммо бу усул Wi-Fi модули мавжуд бўлмаган стол компьютерлари учун ҳам қўл келиши билан аҳамиятлидир.

    Дарвоқе, Wi-Fi-роутер сифатида ишлатилганида, смартфоннинг батареяси қуввати одатдагига кўра тезроқ камаяди. Қурилмангизни USB-кабель ёрдамида компьютерга улаб, модем сифатида фойдаланишда эса аксинча – смартфон кабель орқали қувват олиб туради.

    Манба: «Terabayt.uz»

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Компьютерни Android-қурилма орқали интернетга улашни ўрганамиз