Хитойлик олимлар рекорд даражадаги литий батареяни яратди

Хитойлик тадқиқотчилар электромобиллар саноатида инқилоб қилиши мумкин бўлган янги турдаги литий батареяни яратишга муваффақ бўлишди. Нанкай университети ва Шанхай институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган ушбу технология энергия зичлиги бўйича мутлақ рекордни ўрнатди. Янги аккумуляторларнинг энергия зичлиги бир килограмм учун 700 ватт соатни ташкил этади. Таққослаш учун, ҳозирги кунда фойдаланилаётган замонавий батареялар кўпи билан 255 ватт соатгача қувват бера олади.
Ушбу кашфиётнинг асосий сири таркибида фторланган углеводородлар мавжуд бўлган янги суюқ электролитдан фойдаланилганида. Анъанавий кислородли эритмалардан фарқли ўлароқ, фтор асосидаги бу тизим ионларнинг ҳаракатини сезиларли даражада тезлаштиради ва ўтказувчанликни яхшилайди. Натижада батарея оғирлигини оширмасдан туриб, электромобилларнинг масофа босиб ўтиш имкониятини бир неча баробар кўпайтириш имконияти пайдо бўлади.
Янги технологиянинг яна бир муҳим афзаллиги унинг экстремал об-ҳаво шароитларига чидамлилигидир. Ҳатто минус 50 даража совуқда ҳам батарея 400 ватт соат энергия зичлигини сақлаб қолишга қодир. Бу кўрсаткич совуқ иқлимли ҳудудларда электромобиллардан фойдаланишдаги асосий муаммоларни ҳал қилиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ишланма нафақат автомобилсозлик, балки авиация, космик дастурлар ва робототехника соҳаларида ҳам кенг қўлланилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!