CATL компанияси HyperStrong корхонасидан 60 ГВт-соатлик йирик буюртма олди

Аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компания CATL Хитойнинг "HyperStrong" корхонаси билан натрий-ионли батареялар етказиб бериш бўйича улкан шартнома имзолади. 2026 йил 27 апрель куни эълон қилинган уч йиллик ҳамкорлик доирасида жами 60 ГВт-соат қувватга эга қурилмалар етказиб берилиши белгиланди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
CATL вакилларининг таъкидлашича, ушбу келишув натрий-ионли батареяларни оммавий ишлаб чиқаришдаги барча қийинчиликлар бартараф этилганидан далолат беради. Бу лойиҳа мазкур технологияни тижоратлаштиришда янги даврни бошлаб беради.
Компания 2016 йилдан буён ушбу йўналишдаги тадқиқотларга қарийб 1,5 миллиард доллар инвестиция киритган.
Янги турдаги батареялар ўзининг чидамлилиги билан ажралиб туради: улар 15 000 дан ортиқ қувватлаш циклидан кейин ҳам ўз сиғимининг 80 фоизини сақлаб қолади. Шунингдек, қурилмалар -40 даражадан +70 даражагача бўлган экстремал ҳароратларда ҳам самарали ишлашга қодир.
Энергия зичлиги ҳар бир килограмм учун 160 Вт-соатни ташкил этади.
Мазкур аккумуляторлар таркибида қимматбаҳо кобалт ва никел металлари мавжуд эмас, мис фолга ўрнига эса алюминийдан фойдаланилган. Бу технология нафақат хавфсизликни оширади, балки ишлаб чиқариш таннархини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Янги маҳсулот асосан йирик энергия сақлаш тизимлари ва маълумотлар марказлари учун мўлжалланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!